Ассалому алайкум, азиз юртдошлар!
Муҳтарам отахон ва онахонлар,
Қадрли зоминликлар, туманимиз меҳмонлари!
Аввало, Сиз азизларни, сиз орқали барча юртдошларимизни юртимизга қутлуғ қадамлари билан кириб келаётган, баҳор, яшариш ва янгиланиш рамзи, шарқона янги йил Наврўзи олам билан самимий муборакбод этаман!
Хабарингиз бор, муҳтарам Президентимизнинг
“2023 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонлари билан ушбу айём “Ҳар кунинг Наврўз бўлсин, жонажон Ўзбекистоним!” шиори асосида ўтказилмоқда.
Наврўз қадим-қадимдан кун ва туннинг тенг келиши, табиатнинг уйғониши, бободеҳқонларимизнинг экин-тикин ишларига киришиши, қолаверса, маънавиятимизнинг ажралмас бир қисмига айланиб кетган қутлуғ байрамимиз бўлгани учун ҳам барчамизга азиз ва қадрлидир. Мустақиллигимизнинг илк йилларида қайта қад ростлаган Наврўзи олам Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан Халқаро Наврўз байрами сифатида тан олингани миллий қадриятларимизнинг умуминсоний тамаддуни ривожига қўшаётган улкан ҳиссасининг яна бир бор эътироф этилишидир.
Азиз юртдошлар!
Ватанимиз мустақиллиги туфайли халқимизнинг асрий орзу умидлари рўёбга чиқди. Янгитдан дунёга бўй чўзаётган Янги Ўзбекистоннинг қай бир гўшасини олманг, ўзига хослиги билан ажралиб турибди. Зомин – ана шу диёрнинг ажралмас, Яратганнинг назари тушган гўшаларидан бири. Зотан, “Ўзбекистоннинг Швейцарияси” деган замонавий эътирофга сазовор бўлган туманимизнинг икки минг йиллик тарихи ҳам улуғ-улуғ юртларнинг ўтмиши билан бўйлашади, тенглашади.
Зеро, Сохибқирон Амир Темур Зоминни 27 фаровон ўлканинг бири деб таърифлаши бежиз эмас. Бу ўлкада қадимдан юрт равнақи, истиқболига ўз хиссасини қўшиб келган улуғ аждодларимиз яшаб ўтганлар. Уларнинг муносиб авлодлари ҳам то бугунга қадар ушбу диёрни шарафлаб, мехнат қилиб келмоқдалар. Тарихга назар ташлайдиган бўлсак ушбу юрт учун эзгу меҳнатларини аямаган тумандошларимиз ёдга тушади. Уларнинг пок руҳларини шод этиб, бугунгидек улуғ айёмларда, муқаддас Рамазон олди кунларида эслаб ўтсак, менимча, мақсадга мувофиқ бўлади.
Туманда тиббиёт соҳасини ривожлантиришга катта ҳисса қўшган узтоз шифокор Миромон Мирзиёев, меҳнат қахрамони Эргаш Холматов, жонкуяр раҳбар ва ташаббускор, тадбиркор, устоз инсонлар - Саттор Усмонов, Болтабой Рахматуллаев, Ахад Соибназаров, Саид Маматқулов, Ўрол Абдуалимов, Парда Умурзоқов, Абдуғани Оққулов, Эргаш Саримсоқов, Оқбўта Умаров, Қаххор Муродов, Нурмухаммад Умаров, Маматқул Умурзоқов ва бошқа юртдошларимиз ёди бизларга ўрнак ва намунадир.
Хозирги кунда Зоминимизнинг янада ривожланиб ўсишига ўз мехнатларини аямай хизмат қилаётган тумандошларимиздан Эркин Холматов, Нусрат Пардаев, Ўрол Оққулов, Пўлат Тожибоев ва бошқаларни айтишимиз мумкин.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Зоминнинг зилол сувлари, пурвиқор тоғлари, шифобахш арчазорлари, хулласки, бебахо табиати буюк олимлар, ижодкорлар, сиёсат етакчилари бу ўлкадан етишиб чиқишига илхом бўлган десак муболаға бўлмайди. Чунончи, Мухтарам Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев Зомин вохасининг фарзанди эканлигидан ғоят фахрланамиз. Хамиша халқнинг олқишини олган мухтарам Юртбошимиз белгилаб берган Харакатлар стратегияси ижросини хаётга тадбиқ этиш биз Зоминликларга чексиз фахр ва алоҳида масъулият юклайди.
Бунёдкорлик ишлари, айниқса, намунавий уй-жойлар барпо этиш, янги коммунал тармоқларни қуриш, йўлсозлик, ичимлик суви таъминотини яхшилаш, юртдошларимизга кўнгилли дам олиш шароитини яратиб бериш, энг асосийси, бутун диёримизда бўлгани каби, Жиззах шаҳри ҳамда туманлар марказлари замонавий тарзда қайта қурилаётганлиги кенг кўламли ислоҳотларнинг самарасидир.
Таъкидлаш керак, кўлам жиҳатидан бундай улкан бунёдкорлик ишлари давом этаётган мамлакатимизнинг ҳар бир нуқтасидаги каби туманимиз марказидаги бугунги янгиланиш ва ўзгаришлар ҳам Янги Ўзбекистонимизнинг янада гуллаб-яшнаши, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш йўлидаги давлатимиз ғамхўрлигининг ёрқин ифодасидир.
Айниқса, жорий йилнинг Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ташаббуслари билан “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб эълон қилиниши мамлакатимизда инсон ва унинг фаолиятига берилаётган эътиборнинг ёрқин намунаси, деб биламан. Мана, яқинда яна бир катта сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисидаги Қонун лойиҳасини қабул қилиш бўйича умумхалқ Референдуми ўтказилади. Бугун барчамиз танишиб улгурган Қонун лойиҳасида Янги Ўзбекистоннинг келажагини белгилаб берувчи муҳим қонунлар мужассам бўлганини кўришимиз мумкин. Шу ўринда ана шу сиёсий жараёнда ҳам барчамиз бирдек масъулият билан ёндошиб, ўз фуқаролик, Конституциявий бурчимизни адо этишга барчангизни чорлаб қоламан!
Қадрли тумандошлар!
Туманимизнинг марказида амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишларига бевосита гувоҳмиз. Зеро, сўнгги йилларда бунёд этилган ўнлаб кўркам, муҳташам, замонавий биноларни кўриб қувонамиз ва фахрланамиз. Бугун туманимиз аҳли учун қўшалоқ байрам. Сабаби, 178 млрд. сўм маблағ эвазига бунёд этилган ”Зоминсой” меҳмонхонаси ва янги Зоминсой кўнгил очар ва дам олиш мажмуаси ўз фаолиятини бошлади.
Шарқона меъморий ечим ва услубларнинг замонавий архитектура билан уйғунлашувини ўзида мужассам этган ушбу мажмуа тезкор турмуш тарзидан бироз тин олиш, ёки шунчаки хордиқ чиқариш учун барча шароитлар яратилган бўлиб ўзининг ланшафт дизайни, жойлашган гўзал ҳудуди билан эътиборни тортадиган мажмуа ҳисобланади.
Азиз юртдошлар!
Сизларни ва сизлар орқали барча тумандошларимизни яна бир бор уйғониш ва яшариш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат, янгиланиш рамзи бўлган Наврўзи олам билан чин юракдан самимий муборакбод этаман. Шу ўринда, ўзларининг машаққатли меҳнатлари билан дастурхонларимизнинг тўкин-сочинлигини таъминлаш мақсадида ерга уруғ қадаётган бободеҳқонларимизга ва уларга камарбаста бўлаётган сиз азизларга мўл ҳосил етиштиришда омад ва қут-барака тилайман.
Меҳр-оқибат, ҳалоллик, меҳнатсеварлик ва шижоат каби эзгу хислатларни ўзида мужассам этган бу улуғ айёмга хос гўзал фазилатлар сиз азизларни асло тарк этмасин.
Хонадонларимиздан меҳр-оқибат, файзу барака аримасин, Наврўзи олам барчамизга муборак бўлсин!
Эътиборингиз учун раҳмат!