Ишчи гуруҳи таркибида вилоят солиқ, иқтисодиёт ва молия, камбағалликни қисқартириш ва бандлик, савдо-саноат ҳамда давлат кадастрлар палатаси вилоят бошқармалари, тижорат банклари, вилоят прокуратураси ҳамда бошқа масъул ташкилотлар вакиллари бириктирилган.
– Зомин шаҳарчасидан қарийб 35-40 километр олисликда жойлашган “Бешкуби” қишлоқ фуқаролар йиғинида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари ҳамда фермерлар билан учрашдик, – дейди вилоят солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Камол Иргашев. – Увол қишлоғида жойлашган 32-сонли умумтаълим мактаби биносида қишлоқдаги тадбиркорлар ва фермер хўжаликлари раҳбарлари билан учрашдик. Аввал улар билан яккама-якка мулоқот қилдик, дарду ташвишларини, таклиф ва муаммоларини навбат билан тингладик.
Ишчи гуруҳ аъзоларига мурожаат қилган, шу қишлоқда истиқомат қилувчи ёш тадбиркор Сухроб Қўлдошев хўжалик совуни ишлаб чиқариш цехи ташкил қилган экан. Унинг хонадонига бориб муаммолари жойида ўрганилди.
Ҳозирда ишлаб чиқарилаётган совун хом ашёсини катта миқдорда харид қилиш унга қимматга тушаётгани учун ўзи хомашё ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи эканини, бунинг учун унга қўшимча ер майдони ажратиш ва 50 миллион сўмлик банк кредити олишга эҳтиёжи борлиги маълум бўлди.
Ҳудуддаги “Қайнар чашмаси” фермер хўжалиги 3 йил олдин ташкил этилган. Фермер Абдурашид Сулаймонов лалми майдонда томчилатиб суғориш усули билан узум, олма, нок ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни йўлга қўйган. Режалари улкан фермер ўз боғи ҳудудида 300 тонналик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш учун музлаткич қурган.
– Ушбу музлаткични тўлалигича ишга туширишим учун 120 миллион сўм миқдорида совитиш агрегати (мотор) харид қилишга иккиламчи кредит олишга эҳтиёжим бор. Менга шу масалада ёрдам берилса, қўшимча ишчи ўрни яратиб, маҳсулотларни эртанги қиш кунларида ҳам асил ҳолича сақлаб, халқимиз дастурхонига барра ҳолда етказиш имкониятим яратилган бўларди, – дейди фермер Абдурашид Сулаймонов.
Унинг мурожаати асосида ишчи гуруҳ аъзолари барча муаммоли масалаларни тегишли тартибда қайд этиб, унга амалий ёрдам кўрсатилиши маълум қилинди. Увол қишлоғида яшовчи Шерзод Ўсканов “Триада ерлари” масъулияти чекланган жамиятини 2022 йилнинг 18 ноябрида ташкил этган.
– Маҳаллий тадбиркор Шерзод Ўсканов қишлоқ аҳолисига савдо ва тегирмон хизмати кўрсатишга мўлжалланган бино бугунги кун талабига умуман жавоб бермайди, ушбу эски бино ўрнидан замонавий кўринишдаги савдо дўкони, эркаклар сартарошхонаси ва аёллар учун гўзаллик салони, автомойка ва иккинчи қаватидан тўйхона қуриш ниятида экан, – дейди Камол Иргашев. – Бунинг учун банк томонидан 1 миллиард сўм миқдорида банк кредитига эҳтиёжи мавжуд. Ҳозирда бу ишларни амалга ошириш учун ушбу мажмуа қуриладиган ер майдони баҳсли бўлиб турган экан. Ишчи гуруҳимиз таркибида бўлган кадастр ходимлари унинг барча ҳужжатларини атрофлича ўрганиб чиқди ва бинонинг 72 метр квадрат майдонга эгалик ҳуқуқи борлиги маълум бўлди.
Қорамозор қишлоғи ҳудудида фаолият юритувчи якка тартибдаги тадбиркор (ЯТТ) Буврилой Галтемирова аралаш моллар савдоси билан шуғулланар экан. Унинг фаолияти ўрганилганда тадбиркор кредит асосида “Дамас” русумли автомашина олишга кўмак зарурлигини маълум қилди. Шунингдек, “Халқ банки” туман филиалидан айланма маблағни шакллантириш учун ҳозирча 30 миллион сўм тижорат кредити олишда кўмак сўради.
Унинг турмуш ўртоғи, ЯТТ Эрали Галтемиров эса жорий йилда қишлоқ аҳолисини дон ва ун маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида мини тегирмон цехини ишга туширган.
Қорамозор қишлоғида 1 минг 200 нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг турли хизматларга бўлган эҳтиёжини қондириш учун ҳудудда нафақат савдо дўкони балки автосервис, авто ювиш шохобчаси ташкил этиш талаб этилади.
ЯТТ Хуршид Бўриев қишлоқда озиқ-овқат дўкони ташкил этган. У келгусида фаолиятини янада ривожлантириб айнан юқоридаги хизмат турларини ҳам ташкил этмоқчи экан. Ўз маблағларидан ташқари, турли авто ювиш ускуналари харид қилиши учун эса 14 миллион сўм атрофида банк кредити олишга эҳтиёж сезмоқда.
Эътиборлиси ишчи гуруҳи ушбу масалани учрашув жараёнидаёқ ижобий ҳал этди.
– Айни пайтгача Зомин туманидаги 38 маҳаллада тадбиркорлар билан учрашиб, уларнинг муаммоларини ўрганиш ишларини амалга оширдик, – дейди бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Камол Иргашев. – Ҳудудларда тадбиркорлар билан юзма-юз учрашувлар ўтказишимиз натижасида шу пайтга қадар 100 дан ортиқ муаммоли масалалар аниқланди. Уларнинг ҳар бири ўрганилиб ҳал бўлмаганлари тегишли тартибда туман, вилоят ва республика даражасида ҳал этиладиган тоифаларга ажратилмоқда.
Солиқ тизимини маҳалла даражасигача тушириш бўйича иш бошлаган янги тизим фаолияти ўз самарасини беради. Ишчи гуруҳи аъзолари вилоятдаги бошқа ҳудудларда ҳам ўрганиш ишларини олиб боради.
А.ҚАЮМОВ, ЎзА