Маълумки, ушбу мамлакатлар катта иқтисодий ва инвестициявий имкониятларга эга. Сўнгги йиллардаги мунтазам мулоқотлар туфайли Ўзбекистоннинг улар билан муносабатлари стратегик шериклик даражасига кўтарилди, ҳамкорликнинг турли йўналишларида алоқалар фаоллашди.
Давлатимиз раҳбари 2019 йилда Японияда, 2022 йилда Венгрияда расмий ташриф билан бўлган эди. Озарбайжон Президенти ва Венгрия Бош вазири мамлакатимизга келган. Шунингдек, Туркий давлатлар ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, “Марказий Осиё – Япония” тузилмалари доирасида доимий фикр алмашиб келинмоқда.
Сиёсий ирода ва ўзаро манфаатдорлик натижасида Венгрия билан 33 та, Озарбайжон билан 27 та, Япония билан 13 та лойиҳа бўйича келишувлар имзоланган.
Йиғилишда ушбу лойиҳаларнинг ижро ҳолати, уларни амалга ошириш бўйича йўлга қўйилган тизим ҳақида ахборот берилди.
Масалан, Венгрия билан ҳамкорликда паррандачилик кластери ташкил этиш, авиакомпания очиш, дори-дармонлар, бутловчи қисмлар ва кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Озарбайжон билан энергетика, кимё, транспорт, машинасозлик, қурилиш соҳаларида ҳамкорлик қилинмоқда.
Япония билан лойиҳалар кўлами ҳам кенг: энергетика, туризм, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, тўқимачилик, чорвачилик.
Умуман айтганда, Венгрия, Озарбайжон ва Япония билан шерикликдаги ушбу лойиҳалар натижасида 8 мингдан зиёд янги иш ўрни, қарийб 1 миллиард 700 миллион долларлик экспорт имконияти яратилиши назарда тутилган.
Давлатимиз раҳбари лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, бу борада масъуллар ва инвестиция менежерлари ишини жонлантириш зарурлигини таъкидлади.
Икки томонлама мулоқотлар, жумладан, ишбилармон доираларнинг ўзаро ташрифларини ташкил этиш орқали янги лойиҳалар бўйича таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Саноат, ахборот технологиялари, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, хизматлар, таълим ва инновациялар ҳамкорликнинг янги истиқболли йўналишлари сифатида қайд этилди.