Ташриф Зомин туман ҳокимлиги раҳбарияти ва Республика гулчилар уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Меҳмонлар туманнинг ижтимоий-иқтисодий, инвестициявий салоҳияти билан таништирилди.
Хусусан, тумандаги "Зоминфарм" эркин иқтисодий зонаси фаолияти жойига бориб ўрганилди. Плантациялар кўздан кечирилиб, дашт ҳудудларида барпо этилган интенсив боғлар, "Агро финанс лизинг" томонидан яратилган 550 гектар ердаги турли мева дарахтлари парваришланаётган боғдорчилик хўжалиги фаолияти хусусида маълумот берилди. Меҳмонлар ушбу боғда етиштирилган мевалардан тановул қилиб кўриб, унинг мазасига баҳо бердилар.
Ушбу делегация таркибида тадбиркорлар ва инвесторлар ҳам бўлиб, улар туманнинг салоҳиятини ўрганиб, ҳудудига келгусида сармоя киритишлари ва ҳамкорликда қатор лойиҳаларни амалга оширишлари мумкин. Шу куни меҳмонларга Пешағор МФЙ да қишлоқ хўжалиги соҳасида яратилган боғдорчилик ва гулчилик соҳалари билан танишиб, айрим саудиялик тадбиркорлар билан сармоя киритиш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.
Бундан ташқари меҳмонлар туманнинг миллий-маданий мероси ва туризм салоҳияти билан ҳам танишдилар.