Бугунги кунда буғдой ўсимлиги дунёда энг кўп тарқалган асосий донли экинлардан бири ҳисобланади. Дунё халқларининг ярмидан кўпроғи озиқ-овқат сифатида буғдой нонидан фойдаланади. Бутун дунёда аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда аграр соҳанинг ўрни ва аҳамияти кундан-кунга ошиб бормоқда. Ўзбекистон мустақилликга эришган йиллардан бошлаб аҳолини дон ва дон маҳсулотларига бўлган эхтиёжини тўла қондириш, дон мустақиллигига эришиш ҳамда барқарорлигини таъминлаш борасида комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Ушбу чора-тадбирлар негизида республикамизнинг ўзгарувчан ва мураккаб тупроқ-иқлим шароитида махаллий шароитларга мос, серҳосил, дон сифати юқори, касалликлар ва зараркунандаларга чидамли буғдой навларини экиш ҳамда юқори ҳосил олиш учун агротехник тадбирларни тадбиқ этиш бўйича муҳим вазифалар белгиланди.
Зомин тумани тоғолди ҳудуд бўлиб, тупроқ иқлими иссиқ ҳисобланади. Туманда асосан кузги буғдой етиштирилади. Шу сабабли тумандаги фермер хўжаликлари томонидан тупроқ иқлимга мос буғдой навларини экиш талаб этилади. Шунингдек кузги буғдой ҳосилдорлигини ошириш учун экишда амалга ошириладиган агротехник тадбирларни ўз вақтида сифатли ўтказиш, навларни тўғри танлаш, сараланган сифатли уруғларни экиш ўзининг юқори самарасини беради.
Буғдой экишнинг агротехникаси. Буғдой етиштириш технологиясида уруғ экиш учун ер тайёрлаш энг кўп маблағ сарфланадиган жараён ҳисобланади. Тупроққа берилган ишлов кузги буғдой ўсимлигини бошоқлаш ва дон шаклланиш фазасида тупроқни ҳайдов қатламидаги зичлиги 1,2–1,3 г/см бўлишини таъминлаши керак. Тупроқ зичлигини бундан паст ёки юқори бўлиши ҳосилдорликни пасайтиради. Кузги буғдой экиш олдидан экиладиган майдонни сифатли тайёрлаш зарур. Бунинг учун бегона ўт қолдиқларидан тўлиқ тозалаш, майдонга нам бериш, тобига келган майдонни камида 30-35-см чуқурликда ҳайдаш, текислагичлар билан сифатли қилиб текислаш, кесакли майдонларда кесакларни майдалаш, дала атроф ва четларни яхшилаб юмшатиш лозим. Майдон кесакли қилиб тайёрланса уруғлар бир текис жойлашмайди, ернинг юзасида қолганлари ҳамда кўмилмаган уруғлар нобуд бўлади. Натижада кўчат сийраклашиши юзага келади ва ҳосилдорликнинг пасайишига сабаб бўлади.
Буғдой экишда муҳим тавсиялар. Кузги буғдойни етиштиришда асосий хусусият ҳосилдорликни белгилайди. Яъни ҳар бир ҳудудда экиш олдидан ғалла навларини жойлаштиришда эртапишар навлар 30, ўртапишар навлар 60, кечпишар навлар 10 фоиз майдонга жойлаштирилганда, ғаллани ўрим-йиғим даврида нес-нобудсиз даладан олиб чиқишга замин яратилади.
Қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини оширишда нав асосий ўринни эгаллайди. Буғдойдан юқори ҳосил олиш учун сертификатланган, тупроқ иқлимга мос, серҳосил навларни танлаб экиш керак. Буғдой асосан махсус ғалла сеялкаларида гектарига 250-260 кг дан экилиши лозим. Буғдойни экишдан аввал ўсимлик илдиз тизими яхши ривожланиши ва чуқур кетиши учун ҳар бир гектарга 200 кг дан фосфорли ўғит сепилади. Буғдой уруғи 3-4 см чуқурликга экилиши керак. Уруғ шу қатламида бир текис жойлашса кафолатли кўчат олиниши таъминланади. Буғдой экилган майдон узунлиги 50-60 метр бўлган масофада ўқариқ олиниб сув қўйилиши керак. Сентябр ойида экилиб суғорилса буғдой 6-7 кунда униб чиқади. Униб чиққан кўчат 45-55 кунда туплаш фазасига ўтади. Униб чиққан кўчат қишловга туплаган ҳолда киради. Ноябр ойининг бошларида туплаган буғдой 65-70 центнер ҳосил беради..
Бугунги кунда тумандаги илғор фермер хўжаликлари томонидан кузги буғдой экишга тайёргарликни бошлаб юборган. Ҳайдов техникалари, барона, чизел, экиш сеялкалари ва мавсумда қатнашадиган бошқа техникалар таъмирга тортилиб соз ҳолатга келтирилмоқда.
Ҳурматли фермерлар 2025 йил ҳосили учун экиладиган кузги буғдойни жорий йилнинг сентябр ойида экиб, экилган майдонларни пешма-пеш суғориб тўлиқ кўчат олишни таъминлашингиз керак. Шундагина буғдойдан юқори ҳосил олишга эришасиз.
Фермерлар айтиб ўтилган тавсияларимизга амал қилинса юқори ҳосил олинишига имкон яратилади.
Ш.Қ.Турдибеков
Ўзагроинспекциянинг Зомин
тумани бўлими бошлиғи