Telefonlar:
(0372) 392-12-12
(0372) 392-14-92
» » Меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишда қонунчилик нормаларининг қўлланиш моҳияти

Меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишда қонунчилик нормаларининг қўлланиш моҳияти

26 январь 2022 йил
531
0

 Меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишда қонунчилик  нормаларининг қўлланиш моҳияти | Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат  муносабатлари вазирлиги

Амалдаги қонунчилик нормаларини тўғри қўллаш, иш берувчи ва ходимлар ўртасидаги меҳнат муносабатларни тартибга солишда ҳамда улар ўртасида юзага келиши мумкин бўлган зиддиятларнинг олдини олиш учун муҳим ҳисобланади.

Фақат биргина иш берувчининг истак-хоҳиши билан ишдан бўшатиш мумкин эмас. Бунда фақат қонунчилик билан мустаҳкамланган асослар бўлиши зарур. Иш берувчи ўз ташаббусига кўра ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиши мумкин бўлган сабаблар Меҳнат кодексининг (МК) 100-моддаси 2-қисмида баён этилган. Мазкур рўйхат тугал бўлиб, унинг доирасидан чиқишга мулкчилик шаклидан қатъи назар ҳеч бир ташкилотга қатъиян йўл қўйилмайди.
Хусусан, мазкур мақолада Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисми 1-бандига асосан меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишда иш берувчи ва ходим томонидан эътибор қаратилиши лозим бўлган энг муҳим ҳолатлар юзасидан сўз юритилади.

 Қонунчилигимизда технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга асос бўлади.

Иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномаси қуйидаги ҳолатларда бекор қилинишига йўл қўйилмайди.

  • Коронавирус инфекцияси билан зарарланиб, карантинга жойлаштирилган 14 ёшга тўлмаган боланинг ота-онаси(унинг ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар) бўлган ходимлар.
  • Ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди, корхонанинг бутунлай тугатилиш ҳоллари бундан мустасно, бундай ҳолларда меҳнат шартномаси уларни албатта ишга жойлаштириш шарти билан бекор қилинади.

Ходим вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида ва таътилларда бўлган даврида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга йўл қўйилмайди (корхона бутунлай тугатилган ҳоллар бундан мустасно).

Технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқариши муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда, ишда қолдириш учун имтиёзли ҳуқуқ малакаси ва меҳнат унумдорлиги юқорироқ бўлган ходимларга берилади.

Малакаси ва меҳнат унумдорлиги бир хил бўлган тақдирда қуйидагиларга афзаллик берилади:

  • қарамоғида икки ёки ундан ортиқ киши бўлган ходимларга;
  • оиласида ундан бўлак мустақил иш ҳақи олувчи бўлмаган шахсларга;
  • мазкур корхонада кўп йиллик иш стажига эга бўлган ходимларга;
  • ишлаб чиқаришдан  ажралмаган   ҳолда  олий  ва  ўрта   махсус, касб-ҳунар  ўқув юртларида тегишли мутахассислик бўйича малакасини ошираётган ходимларга ва ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларини тамомлаган шахсларга ўқишни тугатгандан сўнг мутахассислиги бўйича ишлаётган тақдирда икки йил мобайнида;
  • мазкур корхонада меҳнатда майиб бўлиб қолган ёки касб касаллигини орттирган шахсларга;
  • уруш ногиронлари, уруш  қатнашчилари ва  уларга тенглаштирилган шахсларга;
  • атом объектларидаги  фалокатлар  оқибатида  келиб чиққан  оширилган радиация нурланиши билан боғлиқ нурланиш касаллиги ва бошқа касалликларга йўлиққан ёки шундай касалликларни бошидан кечирган шахсларга; ногиронлиги атом объектларидаги фалокатлар муносабати билан бошланганлиги аниқланган ногиронларга; ана шундай фалокатлар ва ҳалокатлар оқибатларини бартараф этиш ишлари қатнашчиларига, шунингдек мазкур зоналардан эвакуация қилинган ёки кўчирилган шахсларга ҳамда уларга тенглаштирилган бошқа шахсларга.

Мисол учун: ташкилотнинг битта бўлимида 5 та иш ўрни мавжуд бўлиб, шулардан 2 таси қисқартирилиши керак бўлса, иш берувчи томонидан 5 кишидан иборат коммисия ташкил қилиниб ҳар бир ходимнинг ижтимоий ҳолати ўзининг иштирокида ўрганиб чиқилиши лозим.

Жамоа шартномасида ходимларни ишда қолдиришда афзаллик бериладиган бошқа ҳолатлар назарда тутилиши мумкин.

Меҳнат шартномаси бекор қилиниши ҳақида ходим қанча муддат олдин огоҳлантирилиши лозим ва тартиби қанақа?

Иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақида ходимни қуйидаги муддатда ёзма равишда (имзо чектириб) огоҳлантириши шарт:

  • камида икки ой олдин — меҳнат шартномаси технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан огоҳлантирилади.

Ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан мазкур огоҳлантириш унинг муддатига мувофиқ келадиган пуллик компенсация билан алмаштирилиши мумкин.

Мисол учун: Амалиётда кўпчилик ҳолатда огоҳлантириш муддатини пуллик компенсация билан алмаштиришни сўраб ариза икки хил тартибда амалга оширилиш ҳолати учраб туради.

Биринчи ҳолатда, ходим огоҳлантириш унинг муддатига мувофиқ келадиган пуллик компенсация билан алмаштиришни ҳамда ўз хоҳишига кўра меҳнат шартномасини бекор қилишни сўраб ариза ёзади. Ушбу ҳолатда огоҳлантириш муддати пуллик компенсация билан алмаштирилади ва ходим билан тузилган меҳнат шартнома Меҳнат кодексининг 99-моддасига асосан бекор қилинади.

Иккинчи ҳолатда ходим огоҳлантириш муддатига мувофиқ келадиган пуллик компенсация билан алмаштиришни сўраб ариза билан иш берувчига мурожаат қилади. Ушбу ҳолатда ходимга Меҳнат кодексининг 67-моддасида белгиланган тўловлар амалга оширилади.

Мисол учун, меҳнат шартномаси 1 мартдан бекор қилиниши ҳақидаги билдирув хати билан ходим 1 январда ёзма тарзда огоҳлантирилди. Лекин, ходим билан иш берувчининг келишуви асосида ушбу огоҳлантириш муддати пуллик компенсацияга алмаштирилди ва ходим билан меҳнат шартномаси 1 январдан бекор қилинди. Ходимга огоҳлантириш муддатига мутаносиб равишда (январь, февраль ойлари учун) пуллик компенсация ва бир ойлик (январь учун) ишдан бўшатиш нафақаси тўланди. Меҳнат кодексининг 67-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган иккинчи ой (февраль) учун ўртача ойлик иш ҳақини март ойида олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Қайси ҳолатларда иш берувчи касаба уюшмасининг розилигини олмасдан туриб меҳнат шартномаси бекор қилиши мумкин эмас ?

Жамоа келишуви ёки жамоа шартномасида меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш учун касаба уюшмаси ёки ходимлар бошқа вакиллик органининг олдиндан розилигини олиш назарда тутилган бўлса, шартномани бундай розиликсиз бекор қилишга йўл қўйилмайди.

Вакиллик органлари таркибига сайланган ва ишлаб чиқаришдаги ишидан озод этилмаган ходимларга интизомий жазо беришга, улар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга, шунингдек вакиллик органлари таркибига сайланган ходимлар билан меҳнатга оид муносабатларни уларнинг сайлаб қўйиладиган лавозимдаги ваколати тугаганидан кейин икки йил давомида иш берувчининг ташаббуси билан маҳаллий меҳнат органининг олдиндан розилигини олмай туриб бекор қилишга йўл қўйилмайди.

Шунингдек, ўн саккиз ёшга тўлмаган ходимлар билан тузилган меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилишга, меҳнат шартномасини бекор қилишнинг умумий тартибига риоя қилишдан ташқари, маҳаллий меҳнат органининг розилиги билан йўл қўйилади.

 

 

Фуқаролик ишлари бўйича

Зарбдор туманлараро судининг раиси                                                                            Д.Х.Эсанов

 

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Foydali havolalar