Туманимиз фахри Турдибек Назаров – 70 ёшда
“Устоз-шогирдлик” анъанаси, кексаларга ҳурмат, ўзаро биродарлик ва муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилган ғоя – “Инсон қадрини улуғлаш” тамойили фақат миллатимизга, менталитетимизгагина ҳос қадим анъаналардан, қадриятлардан саналади. Бунинг исботи ўлароқ, бугун туманимиздаги меҳнат фахрийларидан бири, узоқ йиллар давомида матбуот соҳасида самарали меҳнат қилиб келган ва кўпгина зоминлик ижодкорларнинг устози саналган инсон – Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси аъзоси Турдибек Назаровнинг таваллуди баҳона ўтказилган тадбирни келтиришимиз мумкин.
Қутлуғ 70 ёшни қаршилаган устоз журналист, маҳоратли ташкилотчи ва кўп йиллар давомида туман ҳокимлигида, халқ депутатлари туман Кенгашида, “Шарқ тонги” газетаси таҳририятида самарали меҳнат қилиб келган ижодкорнинг хонадонига бугун туман ҳокимлиги, ташкилий-назорат гуруҳи раҳбари Шодиёр Тўраев, ҳокимлик бўлим бошлиғи Аҳмаджон Усмонқулов, халқ депутатлари туман Кенгаши котибияти мудири Мухаммади Ғоибназаров, “Шарқ тонги” газетаси таҳририяти бош муҳаррири Хайрулла Сидиков, зоминлик ижодкорларнинг вакиллари ташриф буюриб, у кишини қутлуғ юбилейлари билан самимий қутладилар.
Устозга туман ҳокими Алишер Абдуғаниевнинг табриги ўқиб эшиттирилиб, туман ҳокимининг Фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари топширилди. Мазкур тадбирда Турдибек Назаровнинг шогирдлари, таҳририят ижодий ходимлари, туманимиз ижодкорлари ҳам ўз табрикларини йўлладилар.
- Юртимизда ҳар бир инсон меҳнати қадрланади, шаъни улуғланади, - дейди мазкур тадбир иштирокчиси туман ҳокимлиги ташкилий-назорат гуруҳи раҳбари Ш. Тўраев. – Айниқса, миллат фаровонлиги, юрт равнақи учун ҳисса қўшиб, бугун эл ардоғида бўлган Турдибек Назаров каби ўз касбининг фидоийларига қанча ҳурмат, эъзоз кўрсатилса, шунча оз. Туманимиз ҳокимининг “бу инсоннинг меҳнати катта, у кишига қанча ҳурмат кўрсатсак, шунча оз”, дея эътироф этиб, шахсан табрикларини йўллаганлари ўйлайманки, юбиляримизнинг кўнглини тоғдек кўтарди, у кишига яна ҳам илҳом, туртки бўлди. Чунки, устоз журналист нафақага чиққандан кейин ҳам шунчаки ўтирганлари йўқ, атрофидаги таълим масканларида ёшлар билан учрашувларда, маҳалла-кўй тадбирларида, жамоат ишларида доимо бош-қош бўлиб келмоқдалар.
Ўйлаймизки, мазкур “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да ушбу анъана яна ҳам ривож топиб, ўсиб келаётган ёшларимиз учун ибрат, намуна мактаби вазифасини ўтайдиган, ижоди, меҳнат фаолияти билан ўрнак бўлувчи инсонлар орамиздаяна ҳам кўпаяди.
ЗОМИН ТУМАНИ ҲОКИМЛИГИ
АХБОРОТ ХИЗМАТИ