Тараққиёт стратегияси – хотин-қизларнинг бахту саодати йўлидаги эзгулик дастури
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январда “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Стратегияда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш, гендер тенглик, бандлик, таълим ва касбий кўникмаларга эга бўлиш каби масалаларга алоҳида урғу берилган.
Тошкент давлат юридик университети профессори, юридик фанлари доктори Фируза МУҲИДДИНОВА билан суҳбатимиз Тараққиёт стратегиясида хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга доир вазифалар мазмун-моҳиятига бағишланди.
– Тараққиёт стратегиясининг қабул қилиниши тарихий воқеа бўлди, – деди Ф.Муҳиддинова. – Унда аҳолининг барча қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар белгиланган. Хотин-қизлар масаласи ҳам бундан мустасно эмас. Чунки жамият тараққиётида уларнинг алоҳида ўрни борлиги таъкидланган.
Стратегиянинг 69-мақсади хотин-қизлар масаласи хусусидадир. Унда аёлларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш вазифалари қўйилган.
Жамиятда хотин-қизларга тазйиқ ва зўравонликка нисбатан муросасизлик муҳитини яратиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бўйича тизимли ишлар қилинади.
Бугунги кунда гендер тенглик масаласи халқаро аҳамиятга молик мавзуга айланган. Ҳукуматимиз томонидан бу борада ҳам изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шу боис, стратегияда гендер тенгликни таъминлаш сиёсатини давом эттириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни қўллаб-қувватлашга доир ислоҳотларни амалга ошириш чора-тадбирлари янада такомиллаштирилади.
– Стратегияда аёллар таълим ва бандлигини таъминлаш борасида устувор вазифалар белгиланган. Унда ёзилишича, малакали ўқитувчиларнинг ойлик маошларини босқичма-босқич 1 000 АҚШ доллари эквивалентига етказиш чоралари кўрилади. Бундай имконият таълим сифатини таъминлай оладими?
– Аввало, моддий имконият касбга бўлган қизиқишни орттиришга хизмат қилади. Ўзим Тошкент давлат юридик университети мисолида айтишим мумкинки, Президентимиз биринчи навбатда илм-фанга катта эътибор қаратдилар. Бугун олима ўқитувчилар ҳам ўз устида ишлаб, фанига бўлган қизиқиши ва белгиланган меъёрий талаблар асосида 10-12 миллион сўмдан ойлик олишади.
Стратегияда белгиланганидек, энди таълим соҳасида малакали ўқитувчиларнинг ойлик маошларини босқичма-босқич 1 000 АҚШ доллари эквивалентига етказишга эришилади. Албатта, уларни бундай моддий қўллаб-қувватлаш таълим сифатига ижобий таъсир кўрсатади.
Шунингдек, стратегияда хотин-қизларнинг таълим ва касбий кўникмаларга эга бўлишлари, муносиб иш топишларига ҳар томонлама кўмаклашиш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, иқтидорли ёш хотин-қизларни аниқлаш ва уларнинг қобилиятларини тўғри йўналтириш юзасидан ҳам чоралар кўрилади. «Аёллар дафтари» билан манзилли ишлар амалга оширилади.
Яна бир муҳим масалани айтишни истар эдимки, аёлларга пенсия ҳисоблашда уларнинг болани парваришлаш таътилида бўлиш вақтини жамлаганда иш стажига қўшиб ҳисобланадиган 3 йиллик даврнинг 6 йилга оширилишидир. Бу ҳам хотин-қизларимиз учун катта имконият ҳисобланади.
Шунингдек, «Янги Ўзбекистон – маърифатли жамият» концепциясини амалга ошириш, аёллар орасида ишсизлик даражасини 2 баравар камайтириш, 700 мингдан зиёд ишсиз хотин-қизларни давлат ҳисобидан касб-ҳунарга ўқитиш каби ишлар ҳам Янги Ўзбекистоннинг муҳим ва эзгу қадамларидандир.
– Хотин-қизларни, олима аёлларни қўллаб-қувватлаш хориж тажрибасида қандай ўрин тутади?
– Ўтган 15 йил давомида жаҳон ҳамжамияти хотин-қизларни илм-фанга жалб этишда сезиларли ютуқларга эришди. БМТ веб-сайтига кўра, бугунги кунда аёлларнинг 30 фоиздан камроғи илмий тадқиқот билан шуғулланар экан. Тарихда илм-фан ва жамият ривожига улкан ҳисса қўшган кўплаб буюк олима аёллар бўлган.
Хотин-қизларнинг илм-фанга тўлиқ ва тенг ҳуқуқли киришига эришиш, шунингдек, уларнинг гендер тенглиги, ҳуқуқ ва имкониятларини таъминлаш бўйича 2015 йил 22 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеяси 11 феврални – Халқаро илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар куни сифатида резолюция қабул қилган эди.
ЮНЕСКОнинг "Илм-фан соҳасида аёллар учун" Лореал мукофоти ҳар йили дунёнинг беш минтақасидан беш нафар аёлга берилади.
Лауреатларнинг ҳар бири фанлар соҳасидаги илмий ҳиссаси учун 100 минг евро миқдорида пул мукофоти олади. 1998 йилдан бошлаб Лореал жамғармаси ва ЮНЕСКО илмий тадқиқотларда аёллар сонини кўпайтириш мажбуриятини олган.
– Мамлакатимиз хотин-қизларининг ижтимоий ҳаётдаги ўрни қандай? Илм-фан билан шуғулланаётган аёлларни қўллаб-қувватлаш тизими қандай йўлга қўйилган?
– Мамлакатимизда хотин-қизлар аҳолининг 50,3 фоизини ташкил қилади. Ҳаётимизда уларнинг фаоллиги ошмоқда. Муҳими, бугунги кунда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Бу эса барча соҳаларда уларнинг тобора илғор ўринларни эгаллашига шароит яратмоқда.
Мамлакатимиз хотин-қизлари таълим, маданият ва илм-фан соҳаси ривожига салмоқли улуш қўшмоқда. Илмий-таълим муассасаларида 700 нафарга яқин аёл фан доктори ва 6 нафар аёл академик, 15 нафар аёл Ўзбекистон Қаҳрамони, 17 нафар аёл сенатор ва Қонунчилик палатасида 15 нафар депутат аёл меҳнат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг илмий-тадқиқот институтларида, ОТМларнинг илмий-тадқиқот йўналишларида минг-минглаб хотин-қизлар самарали тадқиқот ишларини олиб бормоқда. Ўзбек олима аёллари нафақат табиий фанлар, балки ижтимоий жабҳаларда ҳам кучли интеллектуал салоҳиятларини намойиш этаётир.
Илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш, санъат ва маданият соҳаларида фаолият олиб бораётган хотин-қизлар улуши 72 фоизни ташкил этади. Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан эълон қилинадиган “Олима аёллар” ташаббускор илмий лойиҳалар танлови ҳам хотин-қизларнинг илм-фандаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлайман. Бу эса уларнинг ҳар томонлама иқтидорини намоён этишида муҳим ўрин эгаллайди.
Зеро, Тараққиёт стратегияси хотин-қизларимизнинг бахту келажаги йўлидаги эзгулик дастуридир.