Фуқароларнинг айрим тоифалари имтиёзли шартларда пенсия олиш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган рўйхатларга мувофиқ фуқароларнинг айрим тоифалари имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар, чунончи:
Ёшидан қатъий назар пенсия олиш ҳуқуқини берадиган ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар ва лавозимларнинг 1-сонли рўйхати;
Умумий белгиланган ёшни 10 йилга қисқартирилган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқини берадиган ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичларнинг 2-сонли рўйхати.
Умумий белгиланган ёшни 5 йилга қисқартирилган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқини берадиган ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, вазифалар ва кўрсаткичларнинг 3-сонли рўйхати.
Имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқига уруш ногиронлари, болаликдан ногирон фарзандларнинг оналари, лилипутлар ва паканалар ҳам эга.
Ёшидан қатъи назар, қуйидагилар имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар:
а) кон саноатидаги етакчи касб эгалари бўлган ходимлар-башарти, улар ана шу ишларда камида 20 йил ишлаган бўлсалар (1-сонли рўйхат, I қисм);
б) бевосита ер ости ва очиқ кон ишларида (шу жумладан, кон-қутқарув қисмларининг шахсий таркиби) кўмир, маъданлар ва бошқа фойдали қазилмаларни қазиб олишда, шахталар ва конлар қурилишида тўлиқ иш куни давомида банд бўлган ходимлар-башарти, улар ана шу ишларда камида 25 йил ишлаган бўлсалар (1-сонли рўйхат, II қисм);
в) учувчилар ва учувчи-синовчилар таркибига кирувчи ходимлар, улар хизмат қилган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг идоравий бўйсунувидан қатъи назар, белгиланган хизмат муддатини ана шу лавозимларда эркаклар камида 25 йил ва аёллар камида 20 йил адо этганлари тақдирда (1-сонли рўйхат, III қисм).
Юқорида қайд этиб ўтилган ходимлар саломатлигига (касаллигига) кўра учиш ишларидан бўшатилган тақдирда, белгиланган хизмат муддатини-эркаклар камида 20 йил ва аёллар камида 15 йил адо этган бўлсалар;
г) театрлар ва бошқа театр-томоша корхоналари артистларининг айрим тоифалари:
ижодий иш стажи камида 20 йил бўлганда (1-сонли рўйхат, IV қисм);
ижодий иш стажи камида 25 йил бўлганда (1-сонли рўйхат, V қисм);
ижодий иш стажи камида 30 йил бўлганда (1-сонли рўйхат,VI қисм);
д) спортчиларнинг айрим тоифалари-иш стажи камида 20 йил бўлганда.
Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Зомин туман бўлими