Ғалла ўрим йиғим комбайнларини мавсумга тайёрлаш энг муҳим вазифа
Республикамизнинг дон мустақиллигини таъминлашда етиштирилган бошоқли дон махсулотлари ҳосилини тез ва нобуд қилмасдан йиғиштириб олиш мухим вазифалардан биридир. Бунинг учун ўрим-йиғимни махаллий шароитга мослаб ташкил этиш, мавжуд техникаларни ишга сифатли тайёрлаб, ундан унумли фойдаланиш зарур. Ўрим-йиғим мавсумини ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитига, ҳосилни етиштириш усулига ва ғалланинг экилган навларига эътибор қаратиб ташкил этиш керак.
Туманимиз деҳқонлари жорий йилда 4.500 гектардан ортиқ майдонларга дон махсулотларини экиб, хирмон кўтариш арафасида. Туманда асосан ўртапишар буғдой навлари экилган. Ўртапишар навлар июн ойининг 10-15-саналарида пишиб етилади. Ушбу навлар ўз вақтида ўриб йиғиштириб олинмаса бошоқдаги дон тўкилиб ҳосилдорлик камайишига сабаб бўлади. Деҳқонлар томонидан буғдойни ўз вақтида ўриб йиғиштириб олишда яроқли ғалла ўриш комбайнларининг иштирок этиши муҳим омиллардан биридир.
Ғалла ўрим йиғим мавсумининг бошланишига 30-35 кун вақт қолмоқда. Тумандаги маъсуллар томонидан комбайнларнинг мавсумга тайёргарлигини ўрганиб чиқиб хатловдан ўтказиш, таъмирталаб комбайнларни қисқа муддатларда таъмирдан чиқариш керак.
Мавсумда иштирок этадиган комбайнерларга қўйиладиган талаблар:
Ғалла ўриш комбайни конструкцияси энг мураккаб, кўп қисмлари очиқ ёки ярим ёпиқ, айланма ва тебранма ҳаракат қилувчи, техника ва ёнилғи хавфсизлиги қоидаларининг риоя этилишига ўта талабчан машиналардан биридир.
Комбайнларга уч муддатда техник хизмат кўрсатилади яъни ўрим олдидан, ўрим пайтида ва ўримдан кейин.
Далада буғдой ўраётган комбайннинг яқинига бориш асло мумкин эмас. Комбайн ёзнинг чилласида ишлайди, буғдой поялари ҳам қуриб кетади. Жаткадаги пичоқлар бармоқлари бири-бирига тегиб кетиши оқибатида учқун чақнаши, дон шнекларининг подшипниклари қизиб кетиши ёнғин чиқишига сабаб бўлади. Ёнғин чиқишининг олдини олиш учун комбайнерлар томонидан узелларни доимий назорат қилиб бориши керак. Руль механизмининг ҳамма деталлари соз, бир-бирига пухта мустаҳкамланган, люфти меъёрида, ғилдираклар енгил буриладиган, руль гидросистемасида мой тўла бўлиши керак. Тормоз тизими пухта, деталлари яроқли ва қизимайдиган, педалнинг эркин йўли меъёрида, юриш қисмининг деталлари, узеллери ва корпуслари пухта мустаҳкамланган бўлиши зарур.
Комбайн далада ишлаганда ва йўлда ҳаракатланганда шиналардаги ҳаво босими шароитга қараб ростланиши, ғилдиракларга протекторлари батамом едирилган, бортлари ёрилиб кетган шиналарни ўрнатмаслик керак. Узатма вариаторининг тишли тасмаси комбайннинг ҳамма қисмига ҳаракат беради. У доимий таранг туриши керак. Тасма жуда катта айлантирувчи моментни узатади, шу боис иш пайтида унга яқинлашиш мумкин эмас. Кабина майдончаси, зиналар, суянчиқлар маҳкам ўрнатилиши, сачраган мой ва лойдан тозаланиши керак. Акс ҳолда комбайнчи сирпаниб йиқилиши мумкин.
Комбайнда ҳар доим соз ва тўлдирилган икки дона ўт ўчиргич бўлиши шарт. Улардан бирини кабинага, иккинчисини бункер атрофига осон олинадиган жойга, қум қутиси, кигиз ва белкуракни мотор ёнига жойлаштириш керак.
Комбайнни бошқаришда ҳаёт учун зарур бўлган техника хавфсизлиги ва йўл харакати хавфсизлик қоидаларига тўлиқ амал қилиш, бунда майдонларни ўриб бўлгандан сўнг янги майдонларга кўчиш вақтида харакат хавфсизлиги қоидалари талабларида ёритиш ва маёқ чироқлари ишчи холатида бўлишлиги, товланувчи белгилари бўлиши, шунингдек авария юз бериши ва ёнғин келиб чиқиши эхтимоллиги юқори бўлган комбайнни хушёрлик билан бошқариш, мавсумда комбайн носоз ҳолга келганда эса мутахассисларга мурожаат қилишингиз керак.
Ўзагроинспекциянинг Зомин
тумани бўлими бошлиғи
Ш.Турдибеков