Мол ўғриларининг қилмиши фош бўлди
Бировнинг ҳақи бировга буюрмайди. Ўзганинг не машаққат ва пешона тери эвазига орттирган мол-мулкини шунчаки ўзлаштириб олиш, ўғирлаш ва қасддан ўзгага зиён етказиш эса қонунан жиноятдир.
Икки “шерик” ҳам бу ақидаларни яхши билишса-да, нафс етовида қасддан ўғирликка қўл уришди. Ўзларича “пухта” дек туюлган режани тузиб, 2022 йилнинг ёз ойлари ўртасида тоққа қараб йўл солишди.
Гўёки, кўргувчиларни чалғитиш ниятида борар манзилларига шундоққина қишлоқ усти билан ўтиб қўяқолмай, Бахмал тумани орқали ўтган шоввозлар С.Т. ҳамда унинг жиноий шериги Ў.С.лар айланма йўллар билан бориб, тоғдаги яйловда ўтлаб юрган қорамоллар орасидан Зомин тумани Бош Пешағор қишлоғида яшовчи Я.Товбоевга тегишли бир бош ҳамда Ж.Товбоевга тегишли бир бош қорамолларни, қаровсиз юрганлигидан фойдаланиб, яширин равишда ўғирлаб, Бош Пешағар қишлоғи ҳудудидаг қарашли тоғ ён-бағрига ҳайдаб келишиб, қорамолларни сотиш учун қулай фурсат пайдо бўлганда олиб кетишни режалаштиришади.
Ҳар икки молнинг бозор нархи ўртача 7 миллион, жами 14 миллион сўмни ташкил этса-да, мол ўғрилари уларни ҳаридор сўрарига сотиб, пулни чўнтакка уришни ният қилишади. Шундан сўнг, 2022 йил 3 август куни С.Т. шериги Ў.С. билан тил бириктириб, жиноий режаларидан хабари бўлмаган таниши Ш. Муродовга гўёки ўзларининг қорамолларини олиб келиб сотишда ёрдамлашаётганлигини айтиб ишонтириб, уни ҳам шерик қилиб, молларни туман марказидаги суриштирув-тергов жараёнида шахси аниқланган Ф. А.га 11 миллион саккиз юз минг сўмга сотиб юборишади.
Мол ўғриларининг қилмиши тез фурсатда фош бўлди. Олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида қорамоллар топилиб, ҳужжатлаштирилди. Икки “шерик”га эса Жиноят Кодексининг тегишли моддаларига асосан айблов эълон қилиниб, тергов натижалари судга тақдим этилди.
Кўриб турганингиздек, ўзганинг мулкига кўз олайтириш оҳир-оқибат суднинг қора курсисига етаклади. Ҳар қандай кўринишдаги жиноятга эса одил жазо муқаррар.
Ойбек АЛЛАБЕРДИЕВ,
Зомин тумани Ички ишлар бошқармаси
ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси,
катта лейтенант