Telefonlar:
(0372) 392-12-12
(0372) 392-14-92
» » Зомин тумани ҳокими А.Абдуғаниевнинг 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам табриги

Зомин тумани ҳокими А.Абдуғаниевнинг 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам табриги

07 март 2022 йил
473
0

 

Ассалому алайкум, муҳтарама онахонлар!

Ҳурматли опа-сингиллар!

Мунис ва лобар қизлар!

Аввало, сиз азизларни, бутун юртимиз аёлларини 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Инсон ҳаёти ва жамият ривожида муқаддас Она зоти, мунис аёлларимизнинг беқиёс ўрнини оддий сўзлар билан ифода этиш ниҳоятда қийин вазифа.

Бу ёруғ дунёни қуёшсиз, еру-осмонсиз тасаввур этиб бўлмаганидек, ҳаётимизни ҳам мўътабар оналаримиз, меҳрибон аёлларимиздан айри ҳолда тасаввур этолмаймиз. Она табиат қайта уйғонаётган, баҳорнинг илиқ шабадаси эса бошлаган мана шундай ажойиб кунларда барчамиз, энг аввало Сиз азиз онажонларимизни, опа-сингилларимизни, лобар қизларимизни – 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами билан чин дилдан табриклашга ижозат бергайсиз.

Бугун Сизлар – олима, намунали раҳбар, фидойи шифокор, меҳрибон устоз, ташаббускор тадбиркор, қўли гул ҳунарманд сифатида жамиятимизнинг барча соҳаларида фидокорона меҳнатингиз ҳисобидан мамлакатимизнинг қудрати ва салоҳияти, халқаро обрў-эътибори тобора ортиб бормоқда.

Азиз аёллар!

Ватанимиз тараққиёти, оила ва жамият ҳаётида хотин-қизларимизнинг ўрин ва роли кундан-кунга ошиб бормоқда. 170 мингдан ортиқ  аҳолига эга Зомин туманининг 84 минг 668 нафарини ташкил этадиган аёллар ижтимоий-маънавий, сиёсий-иқтисодий ҳаётнинг барча жабҳаларида меҳнат қилиб келишмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 1 март куни хотин-қизлар масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, жамиятдаги ўрни ва мавқеини янада ошириш давлатимиз сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири эканлиги таъкидланди. Айниқса, опа-сингилларимиз бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Видеоселектор йиғилишидаги гапларини эшитиб, очиғи, шу юртнинг фарзанди эканлигимдан қалбим фахр-ифтихорга тўлдим. Юртимизда хотин-қизларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик давлат сиёсати даражасига кўтарилганидан беҳад мамнун бўлдим.

Йиғилишда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Пезидентимизнинг жорий йил 1 мартда қабул қилинган “Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори оила, хотин-қизлар билан боғлиқ йўналишлардаги ишларни тизимли тарзда, маҳалла кесимида амалга ошириш, умуман, мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлади.

Туман ҳокими сифатида шуни айта оламанки, ушбу қарор опа-сингилларимизни қийнаётган муаммоларни “хонадонбай” ўрганиш, ижобий ҳал этишда кенг имкониятлар эшигини очиб беради.

Эндиликда эҳтиёжманд аёлларнинг болалари учун ота-оналар бадаллари тўлаб берилиши, эҳтиёжманд хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, тадбиркор аёлларни ер-мулк солиғидан озод этиш, олий таълим муассасасида таълим олаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларнинг тўлов контрактларининг тўлаб берилиши белгиланганлиги юртимизда опа-сингилларимизга кўрсатилаётган юксак эътиборнинг намунасидир.

Айниқса, давлатимиз раҳбарининг: “Бир қизни маълумотли қилсак, ўқитсак бир оилани ўқитган бўламиз” деган сўзларини эшитиб, қизларимиз, уларнинг камоли ва келажак тақдирига бўлган эътиборни янада чуқурроқ ҳис этдим.

 

Қадрли меҳмонлар!

Бугунги кунда Зомин туманида 25 минг 888 нафар ишга лаёқатли аёлларнинг 1 минг 425 нафар халқ таълими, 820 нафари тиббиёт, 480 нафари тадбиркорлик соҳасида фаолият кўрсатиб келмоқда. 2021 йилда мунтазам спорт билан шуғулланувчи хотин-қизларимиз сони 25 фоиздан 30 фоизга ошди.

Юқоридаги рақамлардан кўриниб турибдики, спорт  соҳасида ҳам қизларимиз фаоллиги янада ошган ва ўзига хос ижобий натижалар кўрсатишмоқда.

 Жумладан, Босимова Машхура Пара таэквандо бўйича Ўзбекистон чемпионатида, Ойгул Холиқова Каратэ бўйича Осиё чемпионатида фахрли ўринларни қўлга киритди, Махлиё Назарқулова “Суғдиёна” қизлар футбол жамоасида тўп суриб Ўзбекистон кубоги соҳибаси бўлди.

Туманимизнинг яна бир истеъдодли ўқувчи қизларидан Норқулова Мадина яқиндагина ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини кенг оммалаштириш мақсадида ташкил этилган “Ёш китобхон” кўрик танловининг 10-14 ёш тоифаси бўйича вилоят босқичида 1-ўринни қўлга киритиб, Республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.

Фурсатдан фойдаланиб, туман ҳокимлиги, туман фаоллари ва шахсан ўзим номимдан мукофот ва ютуқларга эришган, китобсеварлиги билан тенгдошлари орасида тенгсиз деб эътироф этилган ёшларимизни табриклаб, уларни тарбиялаган, вояга етказган ота-онаси ва устозларига ўз миннатдорчилигимни билдириб қоламан.

Шу ўринда, Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан ижтимоий-ҳимояга муҳтож аёлларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган “Аёллар дафтари” бўйича ишлар туманда алоҳида тартибда йўлга қўйилганлигини айтиб ўтмоқчиман. Биз, туман мутасаддилари ушбу дафтарга киритилган хотин-қизларимизнинг ҳар бири билан юзма-юз учрашган ҳолда муаммоларини бартараф этмоқдамиз.

Хусусан, 2021 йилда 29 минг 875 нафар хотин-қизлар билан мулоқотлар ўтказилган ва унинг якунлари бўйича “Аёллар дафтари”га киритилган.

Бугунги кунга қадар 177 нафар хотин-қизларимизга ўз тадбиркорликларини ривожлантиришлари учун 1 млрд 200 млн.  миқдорида банк кредитлари ажратилди, 848 нафар ишсиз хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди, 285 нафар ишсиз хотин-қизлар касб-ҳунарга ўқитилди, 144 нафар ишсиз хотин-қизларга томорқасидан даромад манбаи сифатида фойдаланиш учун кўмаклашилди, 624 нафар боқувчисини йўқотган ҳамда ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган болалари мавжуд ёлғиз хотин-қизларга моддий ёрдамлар берилди, 22 нафар I гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизларнинг уй-жойи таъмирланди, 7 нафар нотурар жойларда истиқомат қилаётган, ўзининг ёки биргаликда яшовчи оила аъзоларининг номида турар жой мавжуд бўлмаган хотин-қизлар уй-жой билан таъминланди ва ижара компенсацияси тўлаб берилди, 352 нафар эҳтиёжманд хотин-қизларга тиббий ёрдам кўрсатилди.

Бу албатта, аёлларимизнинг яшаш шароитларини яхшилаш, ҳаётда ўз муносиб ўринларини топишлари йўлида мавжуд муаммоларни йўқотиш борасидаги арзимас кўрсатгичлар ҳисобланади.  Шу сабали, биз 2022 йилда ҳам хотин-қизлар масласига алоҳида ёндошган ҳолда, олдимизга улкан мақсадларни қўйганмиз.  

Жумладан, жорий йил якунига қадар “Аёллар дафтари”га киритиладиган 2 минг нафар хотин-қизлар билан манзилли ишлаш ва шу асосда 1 минг 115 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланади. Хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш мақсадида 200 нафар аёлларга 3 млрд сўм маблағ ажратилади. 500 нафар эҳтиёжманд хотин-қизларга моддий ёрдам ажратиш, шунингдек уларнинг 250 нафарига томорқасидан даромад манбаи сифатида фойдаланиш учун кўмаклашиш ва 10 нафарининг уй-жойини таъмирлаш, 4 нафар хотин-қизларга турар-жой ижара компенсациясини тўлаб бериш, “Аёллар дафтари”га киритиладиган барча хотин-қизларга тиббий, ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш, Кооперация усулидаги тадбиркорликни йўлга қўйиш орқали хотин-қизлар бандлигини таъминлашни мақсад қилганмиз.

 

Ҳурматли онахонлар, опа-сингиллар, лобар қизлар!

Сўзимнинг сўнгида барчангизни Халқаро хотин-қизлар байрами билан яна бир бор чин қалбимдан табриклайман.

Менинг тилагим ва ниятим битта – оилангиз, фарзандларингиз, эл-юртимиз бахтига ҳамиша соғ-омон бўлинг! Чунки аёлларимизнинг бахти – халқимиз, жамиятимизнинг бахтидир.

Барчангизга оилавий хотиржамлик, хонадонларингизга тинчлик, файзу барака тилайман. Доимо халқимиз, Ватанимизнинг юксак меҳри ва ардоғида бўлиш ҳаммангизга насиб этсин! Ҳамиша соғ-омон бўлинг, азиз аёллар!

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Foydali havolalar