Telefonlar:
(0372) 392-12-12
(0372) 392-14-92
» » СОЛИҚ ЭЛЕМЕНТЛАРИ

СОЛИҚ ЭЛЕМЕНТЛАРИ

07 март 2022 йил
305
0

 

1.Солиқ элементлари моҳияти. Солиққа тортиш тизимининг асосий бўғини ҳисобланган солиқ элементлари солиққа тортишда ифодаланадиган тушунчалар бўлиб, улар солиқ тўловчилар ва солиқни ундирувчи ўртасидаги иқтисодий-ҳуқуқий муносабатларда намоён бўлади.

Мукаммал солиқ элементлари солиқ тизимининг самарадорлигини белгилаб беради. 

Соҳага оид экспертларнинг фикрларига кўра, солиққа оид меъмурий-ҳуқуқий ҳужжатлар (қонунчилик), солиқ солиш субъекти (солиқ тўловчи), солиқ солиш объекти, солиқ базаси, солиқ ставкаси, солиқ даври ва солиқ имтиёзлари асосий солиқ элементлари сифатида намоён бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекснинг 69-моддасига кўра, солиқ тўғрисидаги қонунчиликда солиқнинг барча элементлари аниқлаб қўйилган тақдирдагина ушбу солиқ белгиланган деб ҳисобланади.

Бундай солиқ элементларига қуйидагилар киради:

1) солиқ солиш объекти;

2) солиқ базаси;

3) солиқ ставкаси;

4) солиқ даври;

5) солиқни ҳисоблаб чиқариш тартиби;

6) солиқ ҳисоботини тақдим этиш тартиби;

7) солиқни тўлаш тартиби.

Солиқни белгилашда солиқ имтиёзлари ва уларнинг қўлланилиши учун асослар назарда тутилиши мумкин.

Ҳар бир давлат солиқ тизимининг ўзи хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда солиққа оид қонунчилигида солиқ элементларини белгилайди.

Хусусан, Россия Федерациясининг Солиқ кодексига кўра, солиқ солиқ объекти, солиқ базаси, солиқ ставкаси, солиқ даври, солиқни ҳисоблаб чиқариш тартиби, солиқ тўлаш даври ва тартиби асосий солиқ элементлари сифатида белгиланган.

Қозоғистон Республикасининг Бюджетга солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар тўғрисидаги Кодексида, Украинанинг солиқ кодексида солиқ элементлари тушунчаси мавжуд бўлмаса-да, солиқ солиш объекти, солиқ базаси, солиқ ставкаси, солиқ даври каби солиқ тизимининг асосий унсурлари тушунчаси ёритиб берилган.

  1. Солиқ солиш объекти - мол-мулк, ҳаракат, ҳаракат натижаси ёки қиймат, миқдорий ёки физик хусусиятга эга бўлган бошқа ҳолат бўлиб, у мавжуд бўлганда солиқ тўғрисидаги қонунчилик солиқ тўловчида солиқ мажбуриятини вужудга келтиради.

Илмий адабиётларда келтирилишича, солиқ объекти - солиқ тўловчининг солиқ ҳисобланадиган  ва солиққа тортиш учун асос бўлиб хизмат қиладиган даромади, обороти ва мол-мулки тушунилади.

Моддий ёки маънавий бойликлар солиқ объекти қилиб албатта унга мулкий ҳуқуқга эга бўлгандагина юзага чиқади. Масалан, эгасиз иморатга солиқ солинмайди, чунки эгасиз иморатга нисбатан солиқ субъекти тўлиқ эмас

Ҳар бир солиқ Солиқ Кодекснинг Махсус қисмига мувофиқ белгиланадиган мустақил солиқ солиш объектига эга бўлади.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 238-моддасига кўра,  реализация қилиш жойи Ўзбекистон Республикаси бўлган товарларни (хизматларни) реализация қилиш бўйича айланма ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига товарларни олиб кириш қўшилган қиймат солиғи объекти ҳисобланади.

Шунингдек, Солиқ кодексининг 295-моддасига кўра, солиқ тўловчи томонидан олинган фойда фойда солиғи  бўйича солиқ солиш объекти ҳисобланади.

  1. Солиқ базаси. Кодекснинг 71-моддасига кўра, солиқ базаси солиқ солиш объектининг қиймат, физик ёки бошқа хусусиятини ифодалайди.

Ҳар бир солиқ учун солиқ базаси ва уни аниқлаш тартиби Солиқ Кодекси билан белгиланади.

Мисол тариқасида, солиқ кодекснинг 366-моддасига кўра, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи базаси қуйидагилар ҳисобланади:

1) Ўзбекистон Республикасининг резидентлари бўлган жисмоний шахслар учун — ушбу бўлимда назарда тутилган солиқ имтиёзларини ҳисобга олган ҳолдаги жами даромадлари;

2) Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари бўлган жисмоний шахслар учун — ушбу бўлимда назарда тутилган солиқ имтиёзлари қўлланмаган ҳолдаги жами даромадлари.

Шунингдек, қуйидагилар ер солиғи базаси ҳисобланади:

қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар бўйича — Солиқ Кодексининг 428-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ солиқ солинмайдиган ер участкалари майдонлари чегириб ташланган ҳолда, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкасининг умумий майдони;

қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар бўйича — Солиқ Кодексининг 428-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ солиқ солинмайдиган ер участкалари чегириб ташланган ҳолда, ер участкаларининг қонунчиликка мувофиқ аниқланган норматив қиймати.

  1. Солиқ ставкаси. Соҳага оид илмий адабиётларда баён қилинишича, солиқ ставкаси - объектнинг ҳар бир бирлиги учун давлат томонидан белгилаб қўйилган меъёрдир. Солиқ ставкаси солиқ элементлари ичида энг кўп амалий аҳамиятга эга бўлган унсурдир. Чунки, солиқ ставкаларини ўзгартириш орқали давлат хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятига сезиларли таъсир этади, айрим фаолият, соҳага устуворлик берилиши, капитал зарур соҳаларга йўналтирилиши, рағбатлантирилиши мумкин. Амалдаги Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига кўра, Солиқ ставкаси солиқ базасининг ўлчов бирлигига нисбатан ҳисобланадиган солиқнинг фоизлардаги ёки мутлақ суммадаги миқдорини ифодалайди.

Солиқ ставкалари Кодекс билан белгиланади. Акциз солиғининг ставкалари, маҳсулот нархи динамикасидан ва уни реализация қилиш, шу жумладан импорт қилиш ҳажмидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари билан йил давомида қайта кўриб чиқилиши мумкин.

Солиқ ставкалари икки хил кўринишда: қатъий ставкаларда ва нисбий (фоиз) ставкаларда ифодаланади. Солиқ ставкаси қатъий ставкада белгиланган ҳолда солиқ объектга нисбатан қатъий сўмда белгиланади. Масалан, ер солиғининг ҳар бир гектари учун қатъий сўмда солиқ миқдори ўрнатилган. Солиқ кодекснинг 381-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси резиденти бўлган жисмоний шахснинг даромадларига, агар ушбу модданинг иккинчи қисмида бошқа қоида назарда тутилмаган бўлса, 12 фоизлик солиқ ставкаси бўйича солиқ солинади.

Дивидендлар ва фоизлар тарзидаги даромадларга 5 фоизлик солиқ ставкаси бўйича солиқ солинади.

Юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкларига эса нисбий ставкада ёки фоизда солиқ миқдори белгиланган.

Солиқ ставкаси билан солиққа тортиш объекти ўртасидаги боғлиқлик даражасига қараб солиқ ставкаларини пропорционал, прогрессив ва регрессив турларга ажратиш мумкин. Пропорционал солиқ ставкасининг моҳияти шундан иборатки, бунда солиққа тортиш объекти қандай бўлишидан қатъий назар солиқ ставкаси ўзгармайди. Масалан, Солиқ кодекснинг 258-моддасига кўра, қўшилган қиймат солиғи ставкалари, агар Кодекснинг 36-бобида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, солиқ ставкаси 15 фоиз миқдорида белгиланади.

Прогрессив солиқ ставкасида солиқ объектининг ўзгариши ўз навбатида солиқ ставкасининг ўзгаришига, яъни ошиб боришига олиб келади. Масалан, жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи ставкалари прогрессив тарзда белгиланган бўлиб, жисмоний шахсларнинг мулк ҳажми ошиб борган сари солиқ ставкалари ҳам ошиб боради.

Регрессив солиқ ставкасида солиқ объектининг ошиб бориши билан солиқ ставкаси камайиб бориб, даромаднинг ошиб бориши ёки маҳсулот кўплаб ишлаб чиқарилиши рағбатлантирилади. Республикамиз солиқ қонунчилигига мувофиқ четга экспорт товарлар ишлаб чиқариб, эркин алмаштириладиган валюталарда тушумга эришганлар иқтисодий қизиқтирилади, яъни фойда солиғи камайтирилган ставкада тўланади.

  1. Солиқ даври. Солиқ кодексининг 73-моддасига кўра, Солиқ даври деганда тугагандан кейин солиқ базаси аниқланадиган ҳамда тўланиши лозим бўлган солиқ суммаси ҳисоблаб чиқариладиган календарь йил ёки бошқа давр тушунилади.

Солиқ даври бир неча ҳисобот даврларидан иборат бўлиши мумкин.

Агар юридик шахс календарь йил бошланганидан кейин, лекин шу йилнинг 1 декабрига қадар ташкил этилган бўлса, унинг учун у ташкил этилган кундан эътиборан шу йилнинг охирига қадар бўлган давр биринчи солиқ даври деб эътироф этилади.

Агар юридик шахс 1 декабрдан 31 декабрга қадар бўлган даврда ташкил этилган бўлса, ташкил этилган кундан эътиборан ташкил этилган йилдан кейинги календарь йилнинг охиригача бўлган давр унинг учун биринчи солиқ даври деб эътироф этилади. Бунда юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилган кун у ташкил этилган кун деб эътироф этилади.

Ушбу модданинг тўртинчи ва бешинчи қисмларида назарда тутилган қоидалар ушбу Кодексда белгиланган тартибда ўзини мустақил равишда Ўзбекистон Республикасининг солиқ резидентлари деб эътироф этган ҳамда фаолияти бундай эътироф этиш санасида Ўзбекистон Республикасида доимий муассаса тузишга олиб келмаган чет эл юридик шахслари учун фойда солиғи бўйича биринчи солиқ даврини аниқлашга нисбатан қўлланилмайди.

Агар юридик шахс календарь йил охиригача тугатилган (қайта ташкил этилган) бўлса, унинг учун шу йил бошидан то тугатиш (қайта ташкил этиш) тамомланган кунгача бўлган давр охирги солиқ даври деб эътироф этилади.

Агар календарь йил бошланганидан кейин ташкил этилган юридик шахс шу йил охирига қадар тугатилган (қайта ташкил этилган) бўлса, унинг учун у тузилган кундан эътиборан тугатилган (қайта ташкил этилган) кунгача бўлган давр солиқ даври деб эътироф этилади.

Агар юридик шахс жорий календарь йилнинг 1 декабридан 31 декабрига қадар бўлган даврда ташкил этилган бўлса ва ташкил этилган йилдан кейинги календарь йил охиригача тугатилган (қайта ташкил этилган) бўлса, унинг учун у тузилган кундан эътиборан тугатилган (қайта ташкил этилган) кунгача бўлган давр солиқ даври деб эътироф этилади.

Кодекснинг 73-моддаси тўққизинчи қисмида назарда тутилган қоидалар таркибидан бир ёхуд бир нечта юридик шахслар ажралиб чиқадиган ёки унга бир ёки бир нечта юридик шахслар қўшиб олинадиган юридик шахсларга нисбатан қўлланилмайди.

Агар фаолияти Ўзбекистон Республикасида доимий муассаса тузишга олиб келмаган чет эл юридик шахси ўзини мустақил равишда Ўзбекистон Республикасининг солиқ резиденти деб эътироф этса, унинг учун фойда солиғи бўйича биринчи солиқ даврини аниқлаш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

1) агар ушбу чет эл юридик шахси ўзини Ўзбекистон Республикасининг солиқ резиденти деб эътироф этиш тўғрисидаги аризани тақдим этган календарь йилнинг 1 январидан эътиборан ўзини Ўзбекистон Республикасининг солиқ резиденти деб эътироф этса, мазкур ариза тақдим этилган календарь йил унинг учун биринчи солиқ даври ҳисобланади;

2) агар ушбу чет эл юридик шахси тегишли ариза тақдим этилган санадан эътиборан ўзини Ўзбекистон Республикасининг солиқ резиденти деб эътироф этса, кўрсатилган ариза солиқ органига тақдим этилган санадан эътиборан ушбу ариза тақдим этилган календарь йилнинг охиригача бўлган давр унинг учун биринчи солиқ даври ҳисобланади. Бунда, агар чет эл юридик шахсининг ўзини Ўзбекистон Республикасининг солиқ резиденти деб эътироф этиш тўғрисидаги аризаси 1 декабрдан 31 декабрга қадар бўлган даврда тақдим этилган бўлса, унинг учун ушбу ариза солиқ органига тақдим этилган санадан эътиборан у солиқ органига тақдим этилган кундан кейинги календарь йилнинг охиригача бўлган давр биринчи солиқ даври ҳисобланади.

  1. Солиқлар ҳисоблаб чиқариш тартиби. Солиқни ҳисоблаб чиқариш тартиби солиқ базасидан, солиқ ставкасидан, шунингдек мавжуд бўлган тақдирда, солиқ имтиёзларидан келиб чиққан ҳолда солиқ даври учун солиқ суммасини ҳисоб-китоб қилиш қоидаларини белгилайди.

Солиқни ҳисоблаб чиқариш солиқ тўловчи томонидан мустақил равишда амалга оширилади.

Солиқ қонунчилигида назарда тутилган ҳолларда бу мажбурият солиқ органига ёки солиқ агентига юклатилиши мумкин.

  1. Солиқ ҳисоботини тақдим этиш тартиби. Солиқ ҳисоботи бу - cолиқ тўловчининг ҳар бир солиқ тури ёки тўланган даромадлар бўйича ҳисоб-китобларни ва солиқ декларацияларини, шунингдек ҳисоб-китобларга ҳамда солиқ декларацияларига доир иловаларни ўз ичига оладиган, солиқ тўловчиларнинг ва солиқ агентларининг солиқ мажбуриятларини аниқлаш учун асос бўлиб хизмат қиладиган ҳужжатларидир.

Солиқ ҳисоботида кўрсатилган маълумотларнинг тўғрилиги учун жавобгарлик солиқ тўловчининг ёки солиқ агентининг зиммасига юкланади.

Солиқ ҳисоботи солиқ тўловчи ҳисобга олинган жойдаги солиқ органига белгиланган шаклда қоғоз ёки электрон шаклда Солиқ Кодексига мувофиқ солиқ ҳисоботига илова қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар билан бирга тақдим этилади.

Юридик шахс бўлган солиқ тўловчилар ва якка тартибдаги тадбиркорлар солиқ ҳисоботини ўзи ҳисобга олинган жойдаги солиқ органига белгиланган шакллар бўйича электрон ҳужжат тарзида тақдим этади.

Йирик солиқ тўловчилар, жойлашган еридан қатъий назар, солиқ ҳисоботини Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекциясига тақдим этади.

Солиқ органи солиқ тўловчи томонидан белгиланган шаклда тақдим этилган солиқ ҳисоботини қабул қилишни рад этишга ҳақли эмас.

Солиқ ҳисоботи қоғозда олинган тақдирда, солиқ органи солиқ тўловчининг илтимосига кўра, солиқ ҳисоботининг кўчирма нусхасига унинг қабул қилиб олингани тўғрисида белги қўйиши ва у олинган санани кўрсатиши шарт.

Солиқ ҳисоботи, агар ушбу Кодексда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ тўловчининг идентификация рақами кўрсатилган ҳолда тақдим этилади.

Солиқ ҳисоботи электрон шаклда тақдим этилганда вакилнинг уни имзолашга бўлган ваколатини тасдиқловчи ҳужжатнинг кўчирма нусхаси телекоммуникация алоқа каналлари орқали электрон шаклда тақдим этилиши мумкин.

Солиқ ҳисоботи солиқ тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган муддатларда тақдим этилади.

  1. Солиқни тўлаш тартиби. Солиқ қонунчилигига кўра, солиқ тўловчилар ва солиқ агентлари солиқлар ҳамда йиғимларни мустақил равишда тўлайди.

Солиқни тўлаш солиқнинг тўлиқ суммаси бўйича ёки Солиқ Кодексда назарда тутилган бошқача тартибда амалга оширилади.

Агар солиқ бўйича солиқ даври бир неча ҳисобот даврини ташкил этса, улардан ҳар бирининг натижалари бўйича жорий тўловлар тўланади. Жорий тўловларни тўлаш мажбурияти солиқни тўлаш бўйича мажбуриятга тенглаштирилади.

Алоҳида солиқ турлари учун бўнак тўловлари назарда тутилиши мумкин. Бўнак тўловларини тўлаш мажбурияти солиқни тўлаш бўйича мажбуриятга тенглаштирилади.

Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар солиқларни банклар орқали нақд пулсиз шаклда тўлайди.

Солиқлар ва йиғимларни турлари бўйича ҳисоблаб чиқариш тартиби ҳамда тўлаш муддатлари ушбу Кодекснинг Махсус қисмида белгиланади.

Солиқ кодексининг 89-моддасига кўра, солиқни тўлаш, агар Кодексда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, миллий валютада амалга оширилади.

Чет эл валютасида ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммасини миллий валютада қайтадан ҳисоблаш Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг солиқни тўлаш санасидаги расмий курси бўйича амалга оширилади.

  1. Солиқ имтиёзлари. Солиқ тўловчиларнинг айрим тоифаларига бошқа солиқ тўловчиларга нисбатан солиқ тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган афзалликлар, шу жумладан солиқни тўламаслик ёки уларни камроқ миқдорда тўлаш имконияти солиқ имтиёзлари деб эътироф этилади.

Солиқ қонунчилигида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ тўловчилар солиқлар бўйича имтиёзлардан тегишли ҳуқуқий асослар юзага келган пайтдан эътиборан уларнинг бутун амал қилиш даври мобайнида фойдаланишга ёки солиқ имтиёзидан фойдаланишдан воз кечишга ёхуд ундан фойдаланишни бир ёки бир неча солиқ даврларида тўхтатиб туришга ҳақли, бундан қўшилган қиймат солиғидан озод этиладиган товарларни (хизматларни) реализация қилиш мустасно.

Солиқлар бўйича имтиёзлар солиқ солишдан бўшаган маблағларни аниқ мақсадларга йўналтириши шарти билан берилиши мумкин. Бундай маблағлар мақсадли ишлатилмаган тақдирда мақсадсиз ишлатилган маблағлар суммаси белгиланган тартибда пеня ҳисобланган ҳолда бюджетга ундирилиши лозим. Солиқлар бўйича имтиёзлар берилиши муносабати билан бўшаган ва мазкур имтиёзларнинг амал қилиш даврида фойдаланилмаган маблағлар суммаси берилган имтиёзларнинг амал қилиш муддати тугаганидан сўнг бир йил давомида уларни тақдим этишда белгиланган мақсадлар учун йўналтирилиши мумкин. Бунда белгиланган муддатда фойдаланилмаган маблағлар бюджетга ўтказилиши лозим.

Қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар, шу жумладан товарлар Ўзбекистон Республикасининг ҳудудига олиб кирилишида (импортида) солиқ солишдан бўшаган маблағларни аниқ мақсадларга йўналтириш шарти билан, берилиши мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки, унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги бош бошқармалари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг муассасалари ушбу Кодексда назарда тутилган солиқларни тўлашдан озод этилади, бундан ижтимоий солиқ ва Ўзбекистон Республикасининг ҳудудига олиб киришда (импортида) тўланадиган қўшилган қиймат солиғи мустасно.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва вилоятлар халқ депутатлари Кенгашлари туристик зоналарда жойлашган алоҳида санаторий-курорт объектлари эгаллаган ер участкаларига нисбатан мол-мулк солиғи ва ер солиғининг камайтирилган солиқ ставкаларини белгилаш ёки солиқ тўлашдан озод қилиш ҳуқуқига эга.

Солиқ имтиёзларини ҳисобга олиш солиқ органлари томонидан ахборот тизимларидан фойдаланган ва солиқ имтиёзларининг ҳар бир турига махсус идентификация кодини берган ҳолда амалга оширилади.

Солиқ имтиёзлари индивидуал хусусиятга эга бўлиши мумкин эмас.

Солиқ тўловчига солиқларни тўлаш бўйича муддатни кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) имконияти берилиши солиқ имтиёзлари ҳисобланмайди.

 

 Жиззах вилоят

маъмурий судининг судьяси

     Тўрабек Қодирқулов

 

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Foydali havolalar