Зомин тумани ҳокими Абдуғаниев Алишер Мухаммадиевичнинг Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан Зомин халқига табриги
Ассалому алайкум, муҳтарам ватандошлар!
Қадрли дўстлар!
Сиз азизларни, сизлар орқали бутун туманимиз халқини шарқона янги йил – Наврўз байрами билан чин қалбимдан самимий табриклайман.
Нуроний отахон ва онахонларимизга, ҳурматли ака-ука, мунис опа-сингилларимизга, навқирон ёшларимиз, суюкли фарзандларимизга – бутун эл-юртимизга ўзимнинг юксак ҳурмат-эҳтиромим ва энг эзгу тилакларимни изҳор этаман.
Ҳаммамиз орзиқиб ва соғиниб кутадиган янгиланиш ва яшариш айёми – Наврўзи олам барчамизга муборак бўлсин!
Буюк Мир Алишер Навоий бобомиз айтганларидек, ҳар кунимиз Наврўз бўлсин!
Наврўз – чинакам халқ байрами, миллий ўзлигимиз кўзгуси, маънавий ва маданий ҳаётимизнинг ажралмас қисмидир.
Минг йиллар олдин ота-боболаримиз бу улуғ айёмни қандай пок ният ва ёруғ умидлар билан кутиб олган бўлса, бугун биз ҳам мана шундай баланд кайфият билан Наврўзга пешвоз чиқмоқдамиз.
Бугунги муродбахш ва файзли кунларда миришкор деҳқон ва фермерларимиз улкан ният ва режалар билан қадрдон даласи сари йўл олмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, азму шижоатли бободеҳқонларимизни янги меҳнат мавсуми билан самимий қутлаймиз. Ушбу қутлуғ байрам кунларида жорий йилда ҳам далаларда ҳосилларимиз мўл ва баракали, ризқу насибамиз янада зиёда бўлсин, деб барчамиз дуолар қиламиз.
Азиз дўстлар!
Шу ўринда бир нарсага алоҳида тўхтаб ўтиш лозим. Наврўз хосиятига кўра, йил бошида янги режалар тузиб олинади. Келажак ишларининг бароридан келиши учун қутлуғ айёмда эзгу ниятлар қилинади. Бир сўз билан айтганда, Наврўз халқнинг дуоси билан белни маҳкам боғлаб, келажакка қадам қўядиган муборак кундир.
Шундан келиб чиқиб, Давлатимиз раҳбари томонидан “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” дея ном берилган жорий йилда биз ҳам белни маҳкам қилиб, олдимизга улкан марраларни қўйганмиз.
Президентимизнинг ташаббусларини тўла қўллаб-қувватлаган ва унинг тумандаги бевосита ижрочиси сифатида жорий йилда аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини амалга оширишга молиявий кўмаклашиш, уларнинг даромадли меҳнат билан бандлигини таъминлаш механизмларини янада такомиллаштириш, маҳаллабай ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш орқали камбағалликни қисқартириш, давлат хизматлари ва манзилли молиявий қўллаб-қувватлаш инструментларини бевосита маҳалла даражасига тушириш ишларини ривожлантириш асосий устувор вазифамиздир.
Хабарингиз бор, шу мақсадда жорий йил бошиданоқ туманимизнинг ҳар бир маҳалласига салоҳиятли, иқтисодий-ижтимоий билимга эга, соҳада тажрибаси бор ва энг асосийси инсон қадри, одамлар ташвиши билан яшай оладиган кадрлардан иборат ҳоким ёрдамчилари ҳамда маҳалла ёшлари етакчиларини лавозиларга тайинладик.
Оқилона ва тадбирли ўйланган ушбу тизим мана орадан бир неча ой ўтмасиданоқ ўз мевасини бера бошлади. Фуқароларимиз банк кредити, ижтимоий ҳимоя, субсидия каби йўналишлардаги муаммоларини туман марказига келиб ўтирмай, ўз маҳаллаларидаёқ ҳал этмоқда.
Шундай экан, тўла ишонч билан шуни айта оламанки, бугун жаннатмакон Ўзбекистонимизда амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳот замирида “Инсон қадри” деган буюк тушунча, том маънодаги фидокор халқимизнинг келажагининг бош омили турибди.
Ҳурматли байрам иштирокчилари!
Наврўзнинг ўлмас руҳи ва боқий фалсафаси Муҳтарам Ютрбошимиз бошчилигида бунёд этаётилаётган янги Ўзбекистон ғояси билан ғоят уйғун ва ҳамоҳангдир.
Айни ушбу уйғунликни туманимизда бунёд этилаётган замонавий корхоналар, саноат ҳудудлари, кластерлар, технопарклар, транспорт-коммуникация тармоқлари, шинам уй-жойлар, кўркам боғча ва мактаблар, тиббиёт, маданият ва спорт масканлари мисолида яққол кўришимиз мумкин.
Бугун туманимизда бўлаётган бу ўзгаришлар, энг муҳими одамлар онги ва дунёқарашидаги ўзгаришлар янги Ўзбекистон, янги Зоминнинг хақли равишда янги тарихи бошланганидан дарак беради. Бир сўз билан айтганда, бу янги тарихнинг мазмун-моҳияти, улкан бунёдкорлик ишларида, одамлар онги ва тафаккури ўзгарганида деб айтиш мумкин.
Ишонинг, бугунги Ўзбекистон кечаги Ўзбекистон эмас, бугунги Зомин ҳам кечаги Зомин эмас!
Бугун Зоминда нимагаки эришилган бўлса, уларнинг барчаси – Юртбошимизнинг Ўзбекистонимиз равнақи йўлидаги илғор ғоялари, ташаббуслари ва шахсий ибратларидан илҳомланган халқимизнинг бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилаётгани самарасидир.
Ҳурматли дўстлар!
Наврўз – инсон ва табиатни асраб-авайлаш, барча бир-бирига эзгулик тилайдиган, имкони борича хайирли ишларни амалга оширадиган улуғ байрамдир. Ана шундай беқиёс фазилатлари туфайли Наврўз нафақат мамлакатимиз, балки бутун Шарқ оламида замонлар оша безавол яшаб келмоқда.
Биз ҳам асрлар оша навқирон бўлиб келаётган Наврўзи оламнинг фазилатларини улуғлаган ҳолда бугун шаҳримизда жойлашган “Осиё” тантаналар масканида маҳаллалардаги эҳтиёжманд, кам таъминланган оилаларнинг 20 нафар фарзанларига суннат тўйларини ўтказишга кўмаклашдик.
Шу ўринда, “Катта бўлсам яхши одам бўламан, менга тўй қилиб берган Ватанимга хизмат қиламан”, – деган кўзлари севинчдан порлаб турган тўйболалар албатта ниятларига етишларига ишонаман. Улар кутганимиздек, Ватанига, халқига содиқ ва меҳрибон фарзандлар бўлиб етишади.
Қадрли отахон ва онахонлар!
Муҳтарама опа-сингиллар!
Ҳурматли ака-укалар!
Навқирон ёшларимиз!
Билаги куч-қувватга, қалби орзу умидларга тўла йигит-қизларимизнинг очиқ чеҳрасига, боқиб, шундай тилак билдираман: дунёнинг ривожланган давлатлари қаторига қўшилишимиз билимга чанқоқлигингиз ва илм-фан чўққиларини ўзлаштиришингиз, етук ва баркамол авлод бўлиб вояга етишингиз билан узвий боғлиқдир.
Қадимий ва гўзал байрамимиз – Наврўзи олам билан барчангизни яна бир бор чин дилдан табриклайман.
Шарқона Янги йилимиз ҳар бир хонадонга, жонажон Ўзбекистонимизга тинчлик-хотиржамлик, соғлик-омонлик, бахту саодат ҳамда файзу барака олиб келсин!
Ватанимиз янада обод, халқимиз ҳаёти ҳамиша фаровон бўлсин!
Эътиборингиз учун рахмат!