“Зомин ёш деҳқонлари” қишлоқ хўжалиги кооперативи ҳақида нималарни биламиз
Зомин туманидаги Пешағор МФЙда “Зомин ёш деҳқонлари” қишлоқ хўжалиги кооперативи ташкил этилган эди.
Айни пайтда ушбу кооперативда 100 нафар аъзо бўлиб, улар ихтиёрида 50 сотихдан жами 50 гектар ер майдони мавжуд. Айни пайтда ушбу ер майдонига турли хил экинлар экиб бўлинди. Навбат эса экинларни суғоришга. Шу мақсадда ушбу ҳудудда алоҳида футбол майдони катталигида (80х40м)суғориш комплекси ҳам бунёд этилди. Кооператив аъзолари ҳозирда навбати билан ўз экинларини суғориб олишмоқда.
Туман ҳокими ёрдамчиси Бобур Умурзаковнинг айтишича, кооператив аъзоларининг 3 нафари “Темир дафтар”даги, 12 нафари “Аёллар дафтари”даги оилалар фарзандлари ҳисобланса, 85 нафари “Ёшлар дафтари” таркибига киритилган.
Кооператив аъзолари ушбу ерларни ўзлаштириш учун 270 млн.сўм кредит олишган. Шу билан бирга ўзларининг 300 млн. сўмлик ресурс ва маблағларини сарфлайдилар. Кооператив аъзолари маҳаллалар кесимида таҳлил қилинганда Пешағор МФЙдан 44 нафар, Навоий МФЙдан 29 нафар, Қўштол МФЙдан 15 нафар, Ёшлик МФЙдан 12 нафар аъзодан таркиб топган. Кооператив аъзоларининг 50 нафари хотин-қизлардан иборат.