Мамлакатимизда аҳоли тўлиқ рўйхатга олинади
Бугунги кунда республикамизнинг барча ҳудудларида аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ишлари бошлаб юборилган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2015 йил 10 июндаги “2020 йилда аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш борасидаги принциплар ва тавсиялар” резолюцияси қабул қилинган ва шунга асосан БМТга аъзо давлатлар камида 10 йилда бир марта аҳоли уй-жой фондини рўйхатга олишни ўтказиш белгилаб қўйилган. Айни пайтда Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатларида бу жараёнга тайёргарлик бошланган.
Жаҳон тажрибасида мамлакат аҳолисининг аниқ сони, ёши, жинси, фуқаролиги, миллий таркиби, оилавий аҳволи, касби, бандлиги, даромад манбаи ва бошқа жиҳатлар бўйича батафсил маълумот тўплашнинг энг самарали усули аҳолини рўйхатга олишни ташкил этиш ҳисобланади.
Шу боис, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 5 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони ҳуқуқий асос бўлиб, 2023 йилда мамлакатимизда илк бор ўтказиладиган аҳолини рўйхатга олиш тадбирларига ҳозирдан жиддий тайёргарлик кўрилмоқда.
Мамлакатимизда аҳолини рўйхатга олиш ишлари сўнгги бор собиқ иттифоқ даврида, аниқроғи 1989 йилда ўтказилган. Мустақиллик йилларида илк бор ўтказилиши белгиланган аҳолини рўйхатга олиш тадбирига тайёргарлик ишлари дунё мамлакатлари шунингдек, халқаро ташкилотларнинг ҳам диққат марказида бўлиб келяпти. Мазкур масала бўйича БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси, Аҳолишунослик жамғармаси, МДҲ давлатлараро Статистика қўмитаси каби бир қатор нуфузли халқаро ташкилотлар билан мустаҳкам ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, уларнинг таклиф ва тавсиялари инобатга олинмоқда.
Дунё мамлакатларига аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олишни режалаштириш ва уни ўтказишда ёрдам кўрсатиш мақсадида БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси, Европа иттифоқининг статистика хизмати ва бир қатор аъзо давлатлар иштирокида тайёрланган “Европа статистиклари конференциясининг 2020 йил раундида аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш бўйича тавсиялари” номли қўлланма БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг техник кўмаги асосида Давлат статистика қўмитасининг мутахассислари томонидан ўзбек тилига таржима қилинган.Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда дунёда 200 дан ортиқ давлат бўлиб, БМТнинг Европа иқтисодий комиссиясининг расмий веб-сайтида мазкур қўлланманинг фақат инглиз, француз ва рус тилларидаги талқинлари (таржималари жойлаштирилган холос). Унинг илк маротаба ўзбек тилига таржима қилиниши ва БМТнинг Европа иқтисодий комиссиясининг расмий веб-сайтида жойлаштирилиши янги Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг, хусусан аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш учун кўрилаётган тайёргарлик жараёнларининг дунё ҳамжамияти ва халқаро ташкилотлар томонидан юксак баҳоланаётганлиги ва тан олиниётганлигидан далолат беради.
Яна бир муҳим жиҳати, ўзбекча қўлланманинг БМТнинг Европа иқтисодий комиссиясининг расмий веб-сайтида жаҳон тилларидаги талқини билан ёнма-ён туриши эса ҳар биримизга ғурур бағишлаб, она тилимизнинг дунёдаги мавқеини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шунингдек, ушбу тавсиялар мамлакатимизда аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга тайёргарлик жараёнларида иштирок этувчиларнинг билимини ошириб, тадбирнинг сифатли ўтказилишида муҳим роль уйнайди.
Аҳолини рўйхатга олиш тадбири иқтисодий жиҳатдан бизга нима беради?
Биринчидан, аҳоли жон бошига макроиқтисодий кўрсаткичларни (ялпи ички маҳсулот, аҳоли даромадлари, саноат маҳсулоти ҳажми, исте’мол маҳсулотлари ҳажми, аҳолига кўрсатиладиган хизматлар ҳажми, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари) ҳисоблашда фойдаланилади.
Иккинчидан, республика ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлиги, аёллар ва болалар саломатлигини яхшилаш ва оилаларга ёрдам кўрсатиш бўйича дастурларни манзилли ишлаб чиқишда ахборот манбаи сифатида хизмат қилади.
Учинчидан, аҳоли пунктларининг инфратузулмасини яхшилашда, меҳнат ресурсларидан фойдаланиш ва жойлаштириш бўйича қисқа, ўрта ва узоқ муддатли дастурларни ишлаб чиқишда ишлатилади.
Аҳолини рўйхатга олиш, ижтимоий-иқтисодий жараёнларни олдиндан баҳолаш, бандлик соҳасидаги сиёсатни белгилаш, ижтимоий сиёсат ва аҳоли саломатлиги бўйича дастурларни яратишда, шунингдек давлат ҳокимияти органларининг вазифаларини бажариши, илм-фан ва жамиятни ахборот билан таьминлаш учун зарурдир.
Б.Жонтурсунов
Зомин тумани рўйхатга олиш
бўлими бошлиғи