Тадбиркорлар учун яна бир солиқ имтиёзи
Ўзбекистонда балиқни кооперация асосида етиштирувчилар барча солиқлардан озод қилинади. Бу ҳақида Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» Telegram канали хабар берди.
Маълум бўлишича, бу бўйича Солиқ кодексига ўзгартириш киритилишини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинган. Ҳужжатда қуйидаги имтиёзлар белгиланган:
Чакана савдо, умумий овқатланиш, меҳмонхона, йўловчи ва юк ташиш, автотранспортларни таъмирлаш, уларга техник хизмат кўрсатиш, компьютер хизматларини, маиший техникани таъмирлаш, агро ва ветеринария хизматлари кўрсатувчи, кўнгилочар жойларда хизмат кўрсатувчи тадбиркорлар — 2022 йил 1 апрелдан 2025 йилдан 1 январгача ижтимоий солиқни 1 фоиз тўлайди;
Шунингдек, 2022 йил 1 январдан 2027 йил 1 январгача майдони 5 минг квадрат/метрдан кўп савдо комплекслари ва меҳмонхоналар, улар эгаллаган ерлар бўйича мол-мулк ва ер солиғи бўйича ставкаларга нисбатан 0,1 коэффициент қўлланилади. Фойда солиғини ҳисоблашда 2 йиллик мазкур биноларнинг қийматини амортизация тарзида чегириб ташланадиган харажатларга киритишга руҳсат берилади.
Бундан ташқари, хўжаликларда балиқ етиштиришни кооперация асосида йўлга қўйган солиқ тўловчилар 2025 йил 1 январгача барча солиқлардан (ҚҚС ва ижтимоий солиқ мустасно) озод қилинади.
Чарм, мўйна хом ашёси ва жунни қайта тайёрлаш, қорамолни автоматлаштирилган тарзда сўйиш, жун, қоракўл ва сунъий чармдан буюмлар, чарм-атторлик маҳсулотлари, пойабзал ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи солиқ тўловчилар 2023 йил 1 январдан 2026 йил 1 январгача фойда, айланмадан олинадиган ва мол-мулк солиғини тўлашдан озод қилинади.