Зомин тумани Бунёдкор МФЙда микромарказ ташкил этилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 июлдаги “Маҳаллаларда саноат, ҳунармандчилик, касаначилик ва чорвачилик микромарказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги пқ-331-сонли қарорида маҳаллаларда юридик шахс мақомига эга саноат, ҳунармандчилик, касаначилик ва чорвачиликга ихтисослашган микромарказлар ташкил этилиши белгиланган.
Қарорнинг маҳаллаларда саноат, ҳунармандчилик, касаначилик ва чорвачилик йўналишларида ташкил этиладиган микромарказларнинг манзилли рўйхатига кўра Зомин тумани Бунёдкор маҳалласида Бахт, Улуғбек, Ўзбекистон ва Чилонзор маҳалла фуқаролари йиғинлари учун ягона микромарказ ташкил этилиши кўзда тутилган.
Шу мақсадда, бугун Зомин тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари З.Омонқулов Бунёдкор маҳалласида бўлиб, маҳаллада ташкил этиладиган микромарказ учун белгиланган ер майдонини кўздан кечирди.
Эслатиб ўтамиз, микромарказларни ташкил қилиш учун давлат мулки объектлари ва ер участкалари бир нечта шартлар асосида тадбиркорларга 5 йил муддатга ижарага берилади.
Жумладан, ўз маблағлари ҳисобидан давлат мулки объектини реконструкция қилиш ёки капитал таъмирлаш ёхуд ер участкасида бино-иншоотларни қуриш;
– давлат мулки объекти ва ер участкасида тасдиқланган намунага мувофиқ микромарказ ташкил этиш ҳамда ижара муддати мобайнида белгиланган фаолиятни амалга ошириш;
– ташкил этилган микромарказда саноат, ҳунармандчилик, касаначилик фаолият йўналишлари бўйича камида 10 та ёки чорвачилик йўналиши бўйича камида 3 та иш ўрнини яратиш ва таъминлаб бориш;
– тадбиркорлар улар томонидан ўз маблағлари ҳисобидан давлат мулки объектини реконструкция қилиш ёки капитал таъмирлаш ёхуд ер участкасида бино-иншоотларни қуриш каби белгиланган шартлар тўлиқ бажарилганидан сўнг, ўз маблағлари ҳисобига ер участкасида қурилган бино-иншоотларга (уларнинг қисмларига) мулк ҳуқуқи расмийлаштирилади;
– Шунингдек, давлат мулки объектларини реконструкция қилиш ва (ёки) капитал таъмирлаш ишларининг харажатлари чегириб ташланган ҳолда белгиланган тартибда аниқланадиган баҳолаш қиймати бўйича ушбу объектларни хусусийлаштириш ҳуқуқига эга бўлади.