Зомин тумани Улуғбек МФЙ ҳудудида олиб борилаётган “Обод маҳалла” дастури доирасидаги ишлар юзасидан билдирилган эътироз бўйича расмий муносабат
Жорий йилнинг 8 сентябрь куни номалум фойдаланувчи томонидан ижтимоий тармоқларда Зомин тумани Улуғбек маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 16-сонли кўп қаватли турар жой биноси ҳамда ушбу маҳаллада давом этаётган “Обод маҳалла” давлат дастури доирасида амалага оширилган ишлар юзасидан норози эканлигини билдирган мурожаати эълон қилинди.
Фуқаро томонидан “Жиззах вилояти Зомин тумани Улуғбек МФЙдаги кўп қаватли уйда истиқомат қиламиз. Бу йил ҳудудимиз “Обод маҳалла” дастурига тушган эди. Аммо дастурга мувофиқ бажариладиган ишларда кўзбўямачиликка йўл қўйилмоқда. Хусусан, бизнинг “дом”ларга амалий ёрдам берилмаяпти. Болалар ўйингоҳи йўқ, уй атрофидаги ковланган жойлар аҳолига хавф туғдирмоқда”, дея мурожаат йўлланган.
Туман ҳокимлиги Ахборот хизмати ҳамда тегишли ташкилот ва идоралар томонидан ушбу ҳолат батафсил ўрганиб чиқилди ва ўрганишлар асносида қуйидагилар маълум бўлди.
Тумандаги Улуғбек МФЙни 2022 йилда “Обод маҳалла” давлат дастурига киритилган бўлиб, бугунги кунга қадар маҳаллада 360 метр ички йўл шағаллаштирилган, 2,2 км йўл асфальт қилинган, 1,6 км йўлга цемент-бетон қопла ётқизилган. Шунингдек, маҳалла ҳудудига 7 км ичимлик сув тармоғи тортиш режалаштирилган бўлиб, ҳозирги кунга қадар 4 км тармоқ тортилган, ҳудудга 800 метр масофага алоқа ва ахборотлаштириш тизими тармоғи, 57 та симёғоч ўрнатилиб, электр тармоғи тортилмоқда.
Мурожаатда “уй атрофидаги ковланган жойлар аҳолига хавф туғдирмоқда” дея билдирилган эътироз ҳам алоҳида ўрганиб чиқилди. Маълум бўлишича, маҳаллада дастур доирасида ичимлик суви тармоқларини тортиш давомида қурилиш ишларини олиб бораётган фирма томонидан йўл ёқаларида режалаштирилган қазиш ишлари олиб борилмоқда. Тармоқ тортиш ишлари ўз якунига етиши билан қурилиш корхонаси томонидан кўрсатиб ўтилган масалалар бартараф этилади
Бундан ташқари, мурожаатда “бизнинг “дом”ларга амалий ёрдам берилмаяпти. Болалар ўйингоҳи йўқ” дея этироз ҳам билдириб ўтилган. Бу борада қуйидагилар аниқланди.
Зомин тумани Улуғбек МФЙ Дўстлик кўчасида жойлашган 4 қаватли 72 хонадондан иборат кўп қаватли турар жой биносига “Жиззах - Осиё” шўъба корхонаси томонидан 2011 йил 18 февралда ТА 1036142 рақамли мулк ҳуқуқини тасдиқловчи гувохнома берилган. Ушбу мулкка 2022 йил 10 апрелдаги 18-сонли баённомага асосан 13:08:02:05:01:0092:0003 кадастр рақами берилган.
Ушбу кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи кадастр ҳужжатлари Зомин тумани ҳокимининг 2000 йил 18 июлдаги 389к-сонли қарори ҳамда “Жиззах – Осиё” шўъба корхонасининг таъсисчиси “Жиззахулгуржисавдо” АЖ акциядорларининг 2022 йил 10 апрелдаги 18-сонли йиғилиш баённомасига асосан расмийлашатирилганлиги аниқланди.
Шунга кўра, ушбу турар жой объекти ва унга тегишли ховли қисми хусусий мулк бўлганлиги сабабли давлат дастури доирасида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиши кўзда тутилмаган.
Шундай бўлсада, мутасадди ташкилотлар томонидан мурожаатда келтирилган маҳалладаги кўп қаватли уй атрофида ободонлаштириш ва чиқиндалардан тозалаш ишлари олиб борилган. Бугунги кунда, фуқаролар мурожаатларидан келиб чиқиб ушбу уйнинг том қисми туман ИИБ бошлиғи, туман 3-сектор раҳбари Ф.Тўйчиев ҳомийлиги асосида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Шу ўринда, фуқаролардан йўллаётган ҳар бир мурожаатига эътиборли бўлишларини, режалаштирилган қурилиш-таъмирлаш ишларини “камчилик” дея кенг оммага нотўғри ахборот тарқатиш орқали қонун бузиш ҳолатларига йўл қўймасликларини сўраб қоламиз.