Расмий ахборот: Хулоса қилишга эрта. Ҳолатни прокуратура ўрганмоқда
Жорий йилнинг 20 октябрь куни “Zominiy” телеграм каналида Зомин тумани Даштобод шаҳри Ўзбекистон МФЙ Меҳнатобод кўчаси 5-уйда яшовчи фуқаро Абдуқодир Бердимуродовнинг ички ишлар органлари ходимлари томонидан ўзига нисбатан ноқонуний жисмоний куч ишлатилганлиги тўғрисидаги мурожаати эълон қилинди.
Мурожаатда фуқаро А.Бердимуродов 2022 йил 28 август куни Даштобод шаҳри ҳудудидаги футбол стадиони (Ўзбекистон МФЙ ҳудудида – таҳ.) олдида унинг ҳатти-ҳаракатлари юзасидан ички ишлар ходимлари томонидан Даштобод шаҳри ИИБга олиб борилганлиги ва ўша куни кечги 1:30лар атрофида танасида оғриқ бўлганлиги учун Зомин тумани тиббиёт бирлашмасига бориб тиббий кўрикдан ўтгани, тиббий текширувлар натижасига кўра, фуқаронинг 3-, 4-қовурғаси синганлиги, йўғон ичак ёрилганлиги аниқланган. Шундан сўнг, фуқаро А.Бердимуродов жарроҳлик амалиётини бошидан ўтгазганлигини айтган.
Шунингдек, мурожаатида фуқаро А.Бердимуродов ўтган вақт мобайнида унга нисбатан куч ишлатган Ички ишлар ходимларига нисбатан жазо чораси қўлланилмаганлиги, тергов жараёнлари суст олиб борилаётганлигидан норозилигини билдирган.
Лекин вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизматининг расмий муносабатига кўра, воқеа мурожаатчи айтганидек эмас, қуйидагича бўлиб ўтган (https://t.me/jiziib/19274).
Шу йилнинг 28 август куни соат 22:30лар атрофида ҳудуддаги овқатланиш шаҳобчасида маст ҳолатда бўлган Абдуқодир Бердимуродов фуқаро Б.С билан гап талашиб қолади. Ўша ерда бўлган фуқаро Д.Х. уларнинг ажратишга уринади. Лекин, шу вақтда фуқаро А.Бердимуродов боши билан Д.Х.нинг юзига зарба беради, чап елкасини тишлаб тан жароҳати етказади. Шундан сўнг, овқатланиш шаҳобчасида бўлган бошқа шахслар уларни ажратади.
Мазкур ҳолатдан хабар топган ҳудуд профилактика инспектори Абдуқодир Бердимуродов билан профилактик суҳбат ўтказиб, уни уйига етказиб қўяди.
Бироқ, фуқаро Абдуқодир Бердимуродов уйидан занжир олиб чиқиб, фуқаро Д.Х.ни қидириб топади ва занжир билан уриб, унга тан жароҳати етказади. Шундан сўнг фуқаролар мурожаати асосида Абдуқодир Бердимуродов ички ишлар органлари биносига олиб кетилади.
Эртаси куни Абдуқодир Бердимуродов соғлигидан шикоят қилади ва ички ишлар органлари ходимлари тез ёрдам чақиради. Туман тиббиёт бирлашмасида ўтказилган дастлабки тиббий текширув давомида фуқаро А.Бердимуродовга “Юз юмшоқ тўқималарининг лат ейиши, қонталаши, қорин бўшлиғи аъзолари лат ейиши, ўткир перетонит” ташхиси қўйилади.
Бугунги кунда мазкур ҳолат юзасидан Зомин тумани прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-модда 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, дастлабги тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўрганиш натижаларига кўра қўшимча маълумот берилади.