Коррупция-бу жамиятнинг ижтимоий –иқтисодий ривожланишини издан чиқарувчи энг хавфли жиноятдир
Коррупция-шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишдир.
2017 йил 03 январь куни Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги 419-сонли Қонуни қабул қилинган бўлиб, ушбу Қонун 6 боб, 34 моддадан иборат.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг “Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши конвенциясига (Нью-Йорк, 2003 йил 31 октябрь) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисида” ги қонуни қабул қилинган бўлиб, у Қонунчилик палатаси томонидан 2008 йил 24 июнда қабул қилинган, Сенат томонидан 2008 йил 27 июнда маъқулланган.
Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунига кўра, Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари мавжуд бўлиб, улар қуйидагилардан иборат:
Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги;
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси;
Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати;
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги;
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги;
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни қонунчиликка мувофиқ бошқа давлат органлари ҳам амалга оширади.
Мамлакатимизда судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, малакали кадрларни танлаш, судьялик касбига тайёрлаш ва тайинлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини ошириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.
Суд ҳокимияти тизимида коррупциявий ҳолатларини олдини олиш ва унга қарши курашиш мақсадида Ўзбекистон Республкаси Президентининг 2020 йил 7 декабрь куни “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ва суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6127-сонли фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, судьяларнинг одил судловни амалга ошириш бўйича касбий фаолиятини ҳар қандай кўринишдаги ташқи таъсирлардан самарали муҳофаза қилишни таъминлайдиган ҳуқуқий механизмларни яратиш, судьяликка кадрларни танлаш, тайёрлаш, лавозимга тайинлаш, шунингдек, судьялар фаолиятини баҳолашда холислик ва шаффофликни таъминлаш, ушбу жараёнларга замонавий ахборот технологияларини изчил жорий қилиш, судьялар ва суд аппарати ходимлари орасида коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва барвақт аниқлашга қаратилган тизимни йўлга қўйиш ҳамда суд тизимида аниқланган ҳар қандай коррупциявий ҳаракатни муросасиз ҳолат деб баҳолаш, судьяларнинг касбий малакаси, маънавияти ва масъулиятини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш орқали юксак профессионал судьялар корпусини шакллантириш судьялар мустақиллигини таъминлаш ва суд тизимида коррупциянинг олдини олиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари этиб белгиланди.
Сўз охирида шуни айтиш жоизки, бугунги кунда юртимизда ҳар бир соҳада коррупцияга қарши курашишда соҳанинг хусусиятларидан келиб чиқиб ёндашиш, коррупция ҳолатлари ҳақида хабар беришнинг янги усулларини ишлаб чиқиш ва уни амалиётда қўллаш лозим бўлади. Буларнинг барчаси жамиятда коррупция деган иллатнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.
Жиззах вилоят маъмурий суди раиси
Асқар Мамарахимов