ЯНГИЛАНИШ, МЕҲР-ОҚИБАТ ВА ҚАДР-ҚИММАТ АЙЁМИ МУБОРАК БЎЛСИН, АЗИЗ ЗОМИНЛИКЛАР!
Аввал хабар бериб ўтганимиздек, юртимизнинг барча гўшаларида бўлгани каби, бугун эрта тонгдан Зомин тумани марказий сайилгоҳи анвойи рангларга бўялди. Қўш карнай-сурнай, ноғораларнинг жаранги барча юртдошларимизни Наврўз сайлига чорлади.
“Ассалом, Наврўз – янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми!” шиори остида бўлиб ўтган Наврўз умумхалқ байрами тантаналари кишилар қалбидаги эзгулик, орзу-умидлар, эртанги кунга ишонч туйғулари билан чамбарчас боғланди.
Хиёбоннинг бир томонида барча маҳаллалар томонидан турли қандолат, ноз-неъматлар, ҳунармандчилик маҳсулотлари намойиши ташкил этилган бўлса, яна бир томонда сумалак, кўксомса сингари Наврўз таомлари тайёрланган. Сочларига гулчамбар таққан қизалоқлар кулгуси, дўпписию чопони, белбоғи ўзига ярашган йигитлар суҳбати, ҳаётнинг аччиқ-чучуги, пасту баландини кўп кўрган, шу дориломон кунларга етказгани учун шукроналар айтаётган нуронийлар тилида Ватанга бўлган юксак муҳаббат мужассам.
Булар юртимизда фаровонлик, файзу бараканинг ўзига хос ифодасидир.
Асосий саҳна атрофидаги байрам тантаналарига бағишланган концерт дастурини Зомин тумани ҳокими Абдуғаниев Алишер Мухаммадиевич туманимиз аҳлига билдирган байрам табриги билан бошлаб берди. Тадбирда халқимизнинг тарихи, маданияти, урф-одат ва анъаналарини акс эттирган ҳунармандлар, каштадўзу чеварлар миллий либосларимизни намойиш этди.
Туманимиз раҳбари фаоллар ҳамроҳлигида кўргазмага қўйилган маҳсулотларни кўздан кечирди. Улар билан суҳбатлашиб, байрам билан табриклади.
Шундан сўнг,туман ҳокими, фаоллар, сайил иштирокчилари, спорт мактаби ўқувчиларининг кўргазмали чиқишлари, туман маданият ва аҳоли дам олиш маркази санъаткорлари томонидан тайёрланган байрам концерт дастурини томоша қилдилар. Лапарлар, қўшиқлар, халқ термалари, фольклор жамоаларининг куй-қўшиқлари қушлар чуғурига уйғунлашиб кетди.
Эртамизнинг эгалари бўлган болалар чиқишлари, уларнинг шўх-шодон кулгулари, мустақил юртнинг баркамол фарзандлари ижросидаги она-Ватанни, кўкламни, бахтиёр болаликни мадҳ этувчи жарангдор куй-қўшиқлар, жозибадор рақслар барчага завқ-шавқ улашди.
Байрам тадбирида туман маданият маркази санъаткорлари ва маданият маркази жамоаларининг чиқишларини тадбир иштирокичлари олқишлар билан қарши олишди. Шунингдек, байрам тадбирида Тошкентдан ташриф буюрган эл суйган хонандалар Сардор Мамадалиев, Шароф Муқимов ва ажойиб шоумен, бошловчи Ахрор Қўшматовларнинг чиқишлари ҳам иштирокчиларга янада кўтаринкилик, байрам кайфиятини улашди.
Туманининг барча маҳалла ва қишлоқларида Наврўз сайиллари давом этмоқда.
Зомин туман ҳокимлиги
ахборотхизмати