Telefonlar:
(0372) 392-12-12
(0372) 392-14-92
» » Ўзбекистон Республикасида давлат бошқаруви соҳасида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар ҳуқуқий асослари

Ўзбекистон Республикасида давлат бошқаруви соҳасида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар ҳуқуқий асослари

21 апрель 2022 йил
247
0

Коррупцияга қарши кураш: муаммо ва ечимлар | Huquqiy siyosat tadqiqot  instituti

Коррупция, бу – давлат ва жамиятнинг иқтисодий ва маънавий асосларини ичдан емирадиган, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятини жамият ва фуқаро олдида обрўсизлантирадиган хавфли иллат ҳисобланади. Шу боис коррупция – давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари нормал фаолиятига, жамият тараққиётига ғов бўлувчи асосий ички таҳдидлардан биридир. 

Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январдаги “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги қонунининг 3-моддасида коррупцияга тушунча берилган бўлиб, унга кўра, коррупция — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишида ифодаланган ҳаракатларидир.

Мазкур қонуннинг 5-моддасида Ўзбекистон Республикасида Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланган бўлиб, улар қуйидагилардан иборат:

аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш;

давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш;

коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш.

Қонунчиликка кўра, қуйидагилар коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси;

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати;

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни қонунчиликка мувофиқ бошқа давлат органлари ҳам амалга оширишлари мумкин.

Қонунчиликка кўра, Давлат бошқаруви соҳасида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар қуйидагилардан иборатдир:

1.Давлат органлари фаолиятининг очиқлигини ва уларнинг ҳисобдорлигини таъминлаш, давлат бошқаруви тизимининг самарадорлигини ошириш, давлат органларининг, улар мансабдор шахсларининг ва бошқа ходимларининг ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариши юзасидан масъулиятини кучайтириш;

2.Коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат органларининг фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш;

3.Давлат органларининг ва улар ходимларининг фаолиятида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик;

4.Давлат органларининг мансабдор шахслари ва бошқа ходимлари томонидан ўз мансаб ёки хизмат мажбуриятларининг бажарилиши самарадорлиги мезонларини, стандартларини ва унинг сифатини баҳолаш тизимларини жорий этиш;

5.Давлат органлари ходимларининг касбий ҳамда хизматдан ташқари фаолиятдаги одоб-ахлоқининг ягона принциплари ва қоидаларини белгиловчи одоб-ахлоқ қоидаларини самарали амалга ошириш;

6.Давлат органлари ходимлари манфаатларининг тўқнашувини ҳал қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, уларга риоя этилиши юзасидан мониторинг ўтказилишини таъминлаш;

7.Давлат органлари ходимларининг ҳуқуқий мақомини белгилаш, хизматни ўташнинг шаффоф тартибини ўрнатиш, шахсий ва касбий сифатлар, очиқлик, беғаразлик, адолатлилик ва холислик принциплари асосида танлов бўйича саралаш ҳамда хизматда кўтарилиш тизимини жорий этиш;

8.Давлат органлари томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши, мурожаатларнинг тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилиши, улар томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликларини тиклаш ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ўз ваколатлари доирасида чоралар кўрилиши устидан назоратни таъминлаш;

9.Давлат органлари фаолиятида коррупциянинг олдини олишга доир тадбирларнинг амалга оширилиши юзасидан ушбу органлар томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини баҳолаган ҳолда мунтазам равишда мониторинг ўтказиш;

10.Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ташкил этиш;

11.Давлат органларининг мансабдор шахслари ва бошқа ходимларининг самарали ижтимоий ҳимоя қилинишини, моддий таъминот олишини ва рағбатлантирилишини таъминлаш.

Қонунчиликда давлат бошқаруви соҳасида коррупциянинг олдини олишга доир бошқа чора-тадбирлар ҳам назарда тутилиши мумкин.

Давлат органларининг ва ўзга ташкилотларнинг мансабдор шахслари ҳамда бошқа ходимлари қонунчиликка риоя этиши, ўз мансаб ёки хизмат мажбуриятларини беғаразлик билан, холисона, виждонан, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этган ҳолда бажариши ҳамда коррупцияга оид бирор-бир ҳуқуқбузарликни содир этишдан ёки бундай ҳуқуқбузарликларни содир этиш учун шарт-шароитлар яратадиган бошқа ҳар қандай ҳаракатлардан ўзини тийиши шарт.

Давлат органларининг ходимлари мансаб ёки хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида манфаатлар тўқнашувига олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган шахсий манфаатдорликка йўл қўймаслиги керак.

Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январдаги “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги қонунининг 3-моддасида баён қилинишича, манфаатлар тўқнашуви, бу — шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлик шахснинг мансаб ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган ёки юзага келиши мумкин бўлган вазиятдир.

Манфаатлар тўқнашуви юзага келган тақдирда, давлат органларининг ходимлари ўзининг бевосита раҳбарини дарҳол хабардор қилиши керак. Манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги тўғрисида маълумотлар олган раҳбар бу тўқнашувнинг олдини олиш ёки уни бартараф этиш юзасидан ўз вақтида чоралар кўриши шарт.

Давлат органларининг махсус бўлинмалари ёки одоб комиссиялари манфаатлар тўқнашувини ҳал этиш қоидаларига риоя этилиши юзасидан мониторингни амалга оширади.

Давлат органларининг манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ёки уни бартараф этиш талаблари бузилишига йўл қўйган ходимлари, шунингдек уларнинг раҳбарлари қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўлади.

Қонуннинг 22-моддасида Давлат органларида маъмурий тартиб-таомиллар соҳасида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар ҳам белгиланган бўлиб, улар қуйидагилардан иборат:

қонунийлик ва адолатлилик принципларини таъминлаш, маъмурий-бошқарув жараёнининг беғаразлиги кафолатларини яратиш, ушбу жараённинг шаффофлигини, ташқи ва ички назорат учун очиқлигини ошириш;

ўз ихтиёрича ҳаракат қилиш ваколатларини чеклаган ҳолда маъмурий тартиб-таомилларни батафсил тартибга солиш, бюрократик расмиятчиликка йўл қўймаслик;

соддалаштирилган маъмурий тартиб-таомилларни жорий этиш;

давлат органларининг қарорлари устидан шикоят қилишнинг ва етказилган зарар ўрнини қоплашнинг самарали механизмларини белгилаш.

Шунингдек, Давлат харидларини амалга ошириш соҳасида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар қуйидагилардан иборат:

давлат харидларини амалга ошириш тартиб-таомиллари тўғрисидаги ахборотнинг шаффофлиги ва очиқлигини таъминлаш;

адолатли рақобатни ва қарорлар қабул қилиш чоғида холисона мезонлардан фойдаланилишини таъминлаш;

ички назоратнинг самарали тизимини, шунингдек давлат харидларини ўтказиш натижалари юзасидан шикоят қилиш ва низолашишнинг самарали тартиб-таомилини яратиш;

давлат электрон савдоларининг самарали ишлашини таъминлаш.

Қонунчиликда давлат харидларини амалга ошириш соҳасида коррупциянинг олдини олишга доир бошқа чора-тадбирлар ҳам назарда тутилиши мумкин.

 

Жиззах вилоят

маъмурий судининг судьяси                                          Тўрабек Қодирқулов

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Foydali havolalar