Telefonlar:
(0372) 392-12-12
(0372) 392-14-92
» » “Лазги” халқаро рақс фестивали иштирокчиларига

“Лазги” халқаро рақс фестивали иштирокчиларига

26 апрель 2022 йил
236
0

Ҳурматли фестиваль қатнашчилари!

Қадрли меҳмонлар!

Хонимлар ва жаноблар!

Муҳтарам санъат шайдолари!

Аввало, сиз, азизларни кўҳна Хоразм заминида биринчи бор ташкил этилаётган йирик санъат ва нафосат байрами – “Лазги” халқаро рақс фестивалининг очилиши билан чин қалбимдан табриклаб, барчангизга ўзимнинг юксак эҳтиромимни изҳор этаман.

Фурсатдан фойдаланиб, бугунги тантанамизда иштирок этаётган хорижий давлатларнинг муҳтарам элчиларига, халқаро ташкилотларнинг вакилларига ҳам самимий миннатдорлик билдираман.

Ўзбекистонга хуш келибсиз, азиз меҳмонлар!

Ҳурматли анжуман иштирокчилари!

Маълумки, ҳар бир халқ ўзининг кўп асрлар давомида шаклланиб, сайқал топиб, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган маданий мероси билан  ҳақли равишда фахрланади. Шу маънода, улкан маънавий хазинамиз ҳисобланадиган бой ва ранг-баранг ўзбек рақс санъати халқимизга хос нафосат ва гўзаллик, эзгу орзу-интилишлар ёрқин мужассам топгани билан катта аҳамиятга эгадир.

Миллий рақс санъатимиз тарихида алоҳида ўрин эгаллайдиган, таъбир жоиз бўлса, унинг гултожи бўлган “Лазги” рақси ўзининг чуқур ҳаётий фалсафаси, бетакрор ижро усули ва жозибаси билан нафақат юртимизда, балки хорижий мамлакатларда ҳам кенг шуҳрат қозонган.

Маълумотларга кўра, халқимизнинг бадиий даҳоси билан яратилган ушбу санъат мўъжизаси уч минг йиллик тараққиёт йўлини босиб ўтган. Унинг пайдо бўлиши ҳақида турли афсона ва ривоятлар мавжудлиги ҳам шундан далолат беради.

Неча юз йиллар давомида халқимизнинг эстетик тафаккур олами, анъана ва қадриятлари билан ҳамоҳанг тарзда “Лазги” рақсининг бир неча йўналиш ва турлари вужудга келиб, у мукаммал санъат асарига, яхлит хореографик мажмуага айланган.

“Лазги” рақси ўзининг беқиёс сеҳри, жозибаси ва таровати билан дунё саҳналарини ҳам забт этиб, турли миллат ва элатларни бирлаштирувчи таъсирчан санъат воситаларидан бири сифатида тобора севимли бўлиб бормоқда. ЮНEСКО халқаро ташкилоти томонидан 2019 йил 12 декабрда Хоразм “Лазги” рақси Инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилгани ҳам буни тасдиқлайди.

Кейинги йилларда Янги Ўзбекистонда маданият ва санъатнинг барча соҳалари қатори миллий рақс санъати турларини асраб-авайлаш ҳамда бу йўналишдаги ижодий мактабларга хос бўлган ноёб анъаналарни изчил давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу мақсадда, 2020 йили қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Миллий рақс санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “Рақс санъати соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларимиз бу борада муҳим амалий қадам бўлди.  

Бу ҳақда гапирганда, ўз даврида бутун дунёда ўзбек миллий рақс санъатининг рамзи сифатида ном қозонган Мукаррама Турғунбоева номидаги “Баҳор” рақс ансамблининг қайта ташкил этилиши маданий ҳаётимизда улкан воқеа бўлганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Ўзбекистонда миллий рақс санъати, хусусан, “Лазги” рақсининг жаҳон маданиятида тутган ўрнини илмий жиҳатдан чуқур ўрганиш, унинг маҳоратли раққосаларини тайёрлаш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Шу мақсадда, юртимизда Хореография академияси тузилиб, ушбу ноёб санъат масканининг фаолияти мутлақо янгича асосда ташкил этилди.

Шу билан бирга, рақс санъати йўналишида узлуксиз таълим тизими жорий қилиниб, барча мактабгача таълим ташкилотларида хореография санъатидан дарс бериш йўлга қўйилмоқда. Болалар мусиқа ва санъат мактабларида рақс синфларининг сони кўпайтирилгани, Республика хореографияга ихтисослаштирилган мактаб-интернати ташкил этилгани ҳам бу соҳада янги истеъдодларни кашф этиш ва тарбиялашда пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

Юртимизда кўп йиллардан буён самарали фаолият кўрсатиб келаётган машҳур “Лазги” ашула ва рақс ансамблини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва санъаткорларга зарур шароитлар яратиб бериш масаласига ҳам алоҳида аҳамият қаратилмоқда.

Айниқса, ўтган йили Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида германиялик санъаткорлар билан ижодий ҳамкорликда саҳналаштирилган балет-спектакль орқали “Лазги” рақсининг қадимий тарихи ва жозибаси гўзал бадиий талқинда очиб берилди. Мазкур асар нафақат мамлакатимиз томошабинлари, балки чет эллик санъат ихлосмандлари томонидан ҳам катта қизиқиш билан кутиб олинмоқда.   

Жорий йилдан бошлаб Хива шаҳрида ҳар икки йилда бир маротаба “Лазги” халқаро рақс фестивалининг ўтказилиши ушбу ноёб санъат турини асраб-авайлаш ва ҳар томонлама тарғиб қилиш, шу асосда халқаро маданий алоқаларимизни янада кенгайтириш борасида катта имконият яратиши шубҳасиз.  

Бугун тантанали равишда очилаётган ушбу фестивалга 30 та давлатдан 175 нафардан зиёд рақс санъати усталари, профессионал рақс жамоалари, санъатшунос олимлар, маданият соҳасининг таниқли намояндалари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари ташриф буюргани ҳам юртимизга ва санъатимизга бўлган қизиқиш қай даражада юқори эканлигини кўрсатиб турибди.

Миллий рақс санъатимизнинг тарихини, унинг ўзига хос хусусиятларини чуқурроқ ўрганиш ва ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш бугунги кунда долзарб масалалардан бири ҳисобланади. 

Фестиваль доирасида ташкил этилаётган “Ўзбек миллий рақсининг жаҳон рақс санъатидаги ўрни” халқаро илмий-амалий конференцияси ҳам бу борада муҳим аҳамият касб этади.

Фурсатдан фойдаланиб, конференция ишига муваффақиятлар тилайман.

Қадрли фестиваль қатнашчилари!

Бугун қадимий ва улуғвор Хива шаҳрида сизларнинг иштирокингизда эзгу орзу ва ниятлар билан бошланаётган “Лазги” халқаро рақс фестивали келгусида дунёдаги нуфузли санъат анжуманлари қаторидан мустаҳкам ўрин олади, деб ишонаман.

Ана шу йўлда барчангизга мустаҳкам соғлик-саломатлик, ижодий парвозлар, янги ютуқ ва зафарлар ёр бўлишини тилайман.

 

Шавкат МИРЗИЁЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Foydali havolalar