Қабул қилинаётган доннинг сифат кўрсатгичлари назоратда
Жорий йил Зоминлик ғаллакорлар томонидан 4 минг 500 гектар сувли майдонларда бошоқли дон экини парваришланди. Айни кунларда мазкур майдонлардаги ғаллани нес-нобуд қилмасдан ўриб-йиғиб олиш ва уни дон қабул қилиш масканларига етказиш ишлари олиб борилмоқда.
Бу йил зоминлик ғаллакорлар ўз меҳнатлари маҳсулини “Зарбор элеватор” АЖга қарашли “Даштобод” дон қабул қилиш шаҳобчасига топширмоқда. Шаҳобчанинг умумий майдони 2,18 гектарни ташкил қилиб, жами 31 минг тонна донни қабул қилиш имконига эга. Шундан 6 минг тоннаси ёпиқ, 25 минг тоннаси очиқ сиғимли майдонга жойлаштирилади.
Мавсум давомида ҳосилни сифатли йиғиб олиш ва дон қабул қилиш ишларини сифатли ва адолатли ташкил этиш масалаларига жиддий эътибор қаратилиб, ушбу жараён “Ўзагроинспекция”нинг туман бўлими томонидан назоратга олинган.
Хусусан, қабул қилинаётган доннинг синфи, намлиги, ифлослиги ва донли аралашмалар миқдори назорат қилиб борилмоқда. Яна ҳам аниқ қилиб айтадиган бўлсак, далалардан келтирилган донлар давлат қиёсловидан ўтган 8 турдаги лаборатория жиҳозлари ёрдамида таҳлилдан ўтказилиб, аниқланган маълумотлар лаборатория журналларига киритилмоқда. Шунингдек, шаҳобчадаги 1 дона дон тозалаш ускунаси (ЗОВ-40), 2 дона электрон тарози ҳам давлат қиёсловидан ўтказилган.
Бугунги кунда масканга жами 7 минг 301 тоннадан ортиқ III-синфли сифатли физик дон маҳсулотлари қабул қилиниб, доннинг ўртача намлиги 11,2 % ни, ўртача ифлослиги эса 3,74 % ни ҳамда ўртача дон аралашмаси
7,58 % ни ва ўртача натураси 7,56 л/кгни ташкил этади.
Бундан ташқари, шахобчага жамғарилган ғалла ҳосилини нес нобудгарчиликсиз йиғиб олиш ва белгиланган талабларга асосан сақланиши устидан кунлик назорат тадбирлари олиб борилмоқда.
“Ўзагроинспекция”нинг Зомин
туман бўлими катта инспектори
О.Очилов