“Парламент ўйинлари” спорт мусобақаларида зоминлик депутатлар фаол иштирок этмоқда
Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида сенаторлар ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари иштирокида спорт мусобақаларининг ҳудудий босқичи бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2020 йил 30 декабрдаги «Парламент ўйинлари» спорт мусобақаларини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида» КҚ-174-IV-сонли қарорига асосан Туризм ва спорт вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган мусобақада маҳаллий Кенгашлар депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламенти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Девони ходимларидан иборат бўлган жамоалар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси кубоги учун кураш олиб борди.
“Парламент ўйинлари” спорт мусобақасидан кўзланган мақсад соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш, сенаторлар ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоларини жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этишдир.
Ушбу мусобақалар спортнинг мини футбол, волейбол, стол тенниси ва бадминтон турлари бўйича уч босқичда ўтказилиши белгилаб қўйилган бўлиб, мазкур мусобақаларда Зомин тумани депутатлар жамоаси ҳам фаол иштирок этиб келди.
Гулистон шаҳридаги босқичда спортнинг стол тенниси ва волейбол турлари бўйича қатнашган халқ депутатлари Зомин туман Кенгаши депутатларидан иборат жамоамиз жамоавий ўйинларда шохсупанинг юқори поғоналарини банд этишди. Улар волейбол бўйича мусобақаларда фахрли иккинчи ўринни эгаллаб, ташкилотчиларнинг эътирофига сазовор бўлдилар.
-Мазкур тадбирлардан кўзланган мақсаднинг ўзи хайрлидир, - дейди халқ депутатлари Зомин туман Кенгаши котибияти мудири Муҳаммади Ғоибназаров. – Шунинг учун ҳам ушбу ўйинларга депутатларимизни жалб қилишда муаммо бўлмади. Волейбол жамоасини шакллантириб, бир нечта ўртоқлик ўйинлари ва турниролди машғулотлар ўтказиб, бугунги натижаларни қайд эта олдик.
Мусобақалар босқичма-босқич давом этиб, 4 та спорт турлари бўйича ғолиб ва совриндорлар аниқланади.