Таэквандо бўйича “Зомин тумани ҳокими кубоги” мусобақаси ўз ниҳоясига етди
Аввалроқ, Зомин тумани Болалар-ўсмирлар спорт мактабида спортнинг таэквандо тури бўйича 2012, 2013 ва 2014 йилларда туғилган ўсмирлар ва қизлар ўртасидаги “Зомин тумани ҳокими кубоги” мусобақалари бошланганлиги тўғрисида хабар берган эдик.
Олимпиа спорт турига кирувчи таэквандо спорт турини ривожлантириш, спортчи ёшларнинг маҳоратини ошириш, уларни спортга кенг жалб этишни мақсад қилган мусобақа кутилганидек қизғин ва курашларга бой тарзда бўлиб ўтди.
Жумладан, 68 кг. вазн тоифасида Сурхондарё вилоятидан Дурдона Мелибоева 3-ўринни олган бўлса, шу вазн тоифасида Тошкент вилоятидан Одина Бахтиёрова 2-ўринни, Зомин туманидан Раъно Насриддинова 1-ўринни қўлга киритди.
Республикамизнинг Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё, Тошкент, Сирдарё вилоятларидан жами 300 нафардан ортиқ ёшлар ташриф буюрган мусобақа куни кеча ўз ниҳоясига етти.
Тақдирлаш маросимида таъкидланганидек, бундай турдаги мусобақаларнинг мунтазам ташкил этилиши ёш спортчиларнинг профессионал спортчи етишишларида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Маросим давомида ўз вазн тоифалари бўйича ғолибликни қўлга киритган спортчи ёшларга туман ҳокимининг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.