Зоминда “Ёшлар боғи” барпо этилмоқда
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Зомин тумани Боғишамол маҳалласи ҳудудида “Ёшлар боғи” барпо этилмоқда.
Туман ҳокими Алишер Абдуғаниев бошчилигида боғ барпо этишдек хайрли ишда Ёшлар ишлари агентлиги, Ёшлар иттифоқининг фидойи ёшлари жамоалари фаол иштирок этмоқда.
Маҳалла четидаги анҳор четлари хас-хашаклардан тозаланиб, замонавий техникалар ёрдамида тексланди, қўшимча ер ўзлаштирилди. Натижада 2 гектар ер майдони тайёрланди. Айни кунларда бу ерга 2 минг туп манзарали ва мевали кўчатлар ўтқазиш ишлари олиб борилмоқда.
– “Ёшлар боғи”ни ташкил этишда туманимиз ёшлари фаол иштирок этмоқда, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими раҳбари Б.Шукуров. – Ҳозирга қадар арча, павлония кўчатлари ўтқазилди. Кўчат экиш ишлари давом этмоқда. Келгусида ушбу боғ Зоминнинг энг кўркам, яшил ҳудудларидан бирига айланади.
Умуман, айни кунларда дарахт экиш, кўкаламзорлаштириш доирасидаги долзарб 40 кунлик туманнинг барча маҳаллаларида уюшқоқлик билан ўтказилмоқда.