Telefonlar:
(0372) 392-12-12
(0372) 392-14-92
» » Соғлиқни сақлаш тизимида янгича ислоҳот!

Соғлиқни сақлаш тизимида янгича ислоҳот!

05 декабрь 2022 йил
245
0

 

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 18 март куни тиббиёт ходимлари билан ўтказган очиқ мулоқотида Ўзбекистон тиббиётидаги эришилган ютуқлар ва мавжуд муаммолар атрофлича муҳокама қилинди. Муҳокама чоғида аниқ топшириқ ва вазифалар белгиланди, бу вазифаларнинг ечими бўйича аниқ молиявий манбалар ва амалий механизмлар ҳақида тўхталиб ўтди. Бундай мулоқотлардан кўзланган асосий мақсад халқимизнинг розилигини олиш, инсон қадрини улуғлаш, тиббиётннг нуфузини кўтариш ҳисобланади. Аслида ҳам инсон қадри ва халқ манфаати улуғланадиган юртимизда амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳотда аҳоли эҳтиёжлари ҳисобга олинган. Асосий мақсад ҳам аҳолининг молиявий қийинчиликка дуч келмай, зарур тиббий ёрдам олишини таъминлаш, эл саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган. Инсон ҳаётидан бебаҳо неъмат йўқ. Шу боис, соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш Президентимизнинг доимий диққат марказидаги масалалардан бўлиб келмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 12 ноябрдаги “Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори аҳолининг бюджет маблағлари ҳисобидан белгиланган тартибда сифатли тиббий ёрдам олишини кафолатлайди. Унга кўра, Давлат тиббий суғуртаси тизими 2021 йил 1 июлдан тажриба-синов тариқасида Сирдарё вилоятида жорий этилди. Ўтган даврда давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш борасида бир қатор ишлар бажарилди. Аввало, касалликларнинг олдини олиш, уларни эрта аниқлаш, кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва кўламини оширишга эришилди. Янги тизимда тиббий хизмат кўрсатишнинг ҳар бир даражасида давлат томонидан кафолатланган тиббий хизматлар ва дори воситалари пакети ишлаб чиқилди. Мазкур пакетлар бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари ва шифохоналарда Ўзбекистон фуқароларига ҳамда юртимизда доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга тақдим этилмоқда. Оилавий шифокор ҳар бир муассаса тури бўйича тиббий хизмат ҳажми ва клиник протоколга мувофиқ, тор соҳа мутахассисларига ва зарур ҳолларда туман, вилоят ҳамда республика даражасидаги шифохоналарга йўлланма беради. Оилавий шифокор йўлланмаси олинмаган ҳолларда, шунингдек, кафолатланган пакетга киритилмаган тиббий хизматлар пуллик асосда кўрсатилади. Оилавий шифокор аҳолининг соғлиғи билан боғлиқ кўрсаткичларни мониторинг қилиш, касаллик тарихини юритиш, дори воситалари учун рецепт ёзиш ва кафолатланган пакетга мувофиқ тиббиёт муассасаларига йўналтиришни ягона электрон платформа орқали бажаради. Бу эса бемор ва тиббиёт ходимлари ўртасида юз бериши мумкин бўлган кўплаб тушунмовчиликларнинг олдини олади ҳамда шаффофликни таъминлайди. Янги тизимнинг яна бир ижобий жиҳати давлат ва нодавлат тиббиёт ташкилотлари ўртасида соғлом рақобатни вужудга келтиради. Бу билан давлат ҳар бир фуқарога ўзи хоҳлаган клиникада даволаниши, истаган шифокоридан тиббий маслаҳат олиши учун имконият яратмоқда. Зеро, аҳоли учун ишлаб чиқилаётган электрон дастурлар орқали касаллик бўйича қайси шифо масканига мурожаат қилиш, шифокор қабулига ёзилиш, буюрилган дориларни топиш каби масалаларга ҳам осон ечим топилади. Энг муҳими, амалга оширилаётган бу каби ислоҳотлардан, яратиладиган қулайликлардан аҳоли беминнат баҳраманд бўлади. Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш 2021 йилдан Сирдарё вилоятида тажриба-синов тариқасида амалга оширилаётган бўлса, унинг иккинчи босқичи 2023 йилда Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Навоий, Сурхондарё, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрида, учинчи босқичи эса 2025 йилдан юртимизнинг барча ҳудудида жорий этилади. Шу билан мамлакатимизда барча аҳолига юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишда ошкоралик, адолат ва шаффофлик тамойиллари асосида замонавий талабларга жавоб берадиган самарали хизмат кўрсатиш тизимини шакллантириш имконияти яратилади. Бу жараёнда эса давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 28 июлдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этмоқда. Ушбу ҳужжатга асосан ўтган йилнинг 1 октябридан давлат бюджети маблағлари эвазига имтиёзли тоифага кирувчи шахсларни электрон ахборот тизими орқали ҳисобга олиш ва навбат асосида даволанишга йўллаш тизимига 14 та тиббиёт муассасаси ўтказилган бўлса, буларга жорий йилнинг 1 октябридан яна 12 та тиббиёт муассасаси қўшилди. Ушбу муассасалар қаторида Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика ихтисослаштирилган урология илмий-амалий тиббиёт маркази, Академик Ё.Тўрақулов номидаги Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази, Болалар миллий тиббиёт маркази ва бошқа шифо масканлари бор. Жорий йилдан улар қаторига Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникаси, Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиали клиникаси, Тошкент давлат стоматология институти клиникаси, Оролбўйи минтақаси ихтисослаштирилган кардиология ва кардиохирургия илмий-амалий тиббиёт маркази кабилар ҳам қўшилди. Мазкур тиббиёт муассасаларида имтиёзли тоифага кирувчи беморларга кўрсатилган юқори технологик тиббий ёрдам учун сарфланган харажат Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан қоплаб берилади ва беморларга текин тиббий хизмат кўрсатилади. Ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларида молиялаштиришнинг янги механизми асосида беморларни ҳисобга олиш ва навбат асосида даволанишга йўллашнинг электрон ахборот тизимидан фойдаланилади. Шу тариқа беморлар касаллигига мувофиқ ихтисослаштирилган муассасаларда даволанишини таъминлайдиган йўлланма берилади. Мазкур йўлланма ахборот тизимида автоматик шакллантирилади ва давлат ёки нодавлат тиббиёт ташкилотларида тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқини беради. Беморларга ўзининг даволаниш навбати ҳақидаги ахборотни олиш имконияти яратилган. Бемор даволанганидан сўнг Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси беморни даволаган муассасага базавий нархлар доирасида кўрсатилган тиббий хизматларни асословчи ҳужжатларга мувофиқ сарфланган харажат тўлаб берилади. Бундан ташқари, 52 та ҳудудий тиббиёт муассасаси томонидан беморларга ўз яшаш ҳудудида юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш имкони яратилди. Яъни уларнинг Тошкент шаҳрига келиб овора бўлишига ҳожат йўқ, шу билан бирга, вақти ҳам, маблағи ҳам тежалади. Энг муҳими, имтиёзли тоифага кирувчи шахслар тиббий хизмат кўрсатадиган давлат ёки нодавлат тиббиёт ташкилотларини танлаш ҳуқуқига эга бўлмоқда. Бунда бемор тиббиёт муассасасини Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан шартнома тузганлар орасидан ўзига қулайини танлай олади. Жорий йилнинг ўтган даврида Соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсиясига асосан Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги 28 та хусусий клиника билан шартнома тузилди. Ана шу шартномаларга кўра, имтиёзли тоифага кирувчи беморларга кўрсатилган юқори технологик тиббий ёрдам харажати давлат бюджети маблағи ҳисобидан Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси орқали қоплаб берилди. Жорий йилнинг 9 ойида 38 минг нафардан ортиқ беморга 301 млрд. сўмлик тиббий хизмат кўрсатилди. Жумладан, ҳудудий тиббиёт муассасаларида даволанганлар сони қарийб 3 минг, хусусий клиникаларда эса сал кам 230 нафар бемор даволанган. Даволанган беморларнинг 51 фоизини 18 ёшгача, 26 фоизини 18 дан 60 ёшгача, 23 фоизини эса пенсия ёшидагилар ташкил этди. Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан QR-кодли электрон йўлланмага эга бўлган беморларга юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатилади. QR-кодли электрон йўлланмани Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 26 февралдаги ПФ-сонли 3214-Фармонига кўра болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар, чин етимлар, I- ва II- гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, 1941-1945 йиллардаги уруш оқибатида ногирон бўлган шахслар ва унинг қатнашчилари, шунингдек, уларга тенглаштирилган шахслар, ёшга оид пенсияга чиққан ишламайдиган шахслар, 1941-1945 йиллардаги уруш даврида меҳнат жабҳасининг қатнашчилари, Чернобиль АЭС фалокатини тугатишда иштирок этган шахслар жумласига кирувчи ногиронлиги бўлган шахслар, Байналмилалчи-жангчилар, «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали кам таъминланган деб эътироф этилган оилаларнинг аъзолари, чақирув комиссияларининг йўлланмалари бўйича чақирув ёшидаги (18-27 ёшдаги) шахслар, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича 18 ёшга тўлмаган патологияли болалар, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича, патологияли ҳомиладор аёллар; Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича, эндокрин касалликларига чалинган беморлар, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича, жинсий йўл билан юқтириладиган касалликларга чалинган шахслар, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича, сил касаллигига чалинган шахслар, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича, онкология касалликларига чалинган шахслари, Дастурли гемодиализ олувчи беморлар олишади. Йўлланмани бераётган оилавий шифокор бемордаги ўзгаришларни, касаллик белгиларини аниқ ифодаловчи ташҳисни ХКТ-10 бўйича клиник протоколлар ва стандартларга мос равишда қўйиши керак. Бу йўлланмани олган тиббиёт муассасаси беморни шу ташҳис бўйича даволаши керак ва далолатномаларни жамғармага тақдим этади. Жамғарма мутахассислари далолатномаларни ўрганиб чиқишади ва даво муолажалари тўғри танланган бўлса, хизматлар базавий нархлар доирасида кўрсатилган бўлса жамғарма шу тиббиёт муассасаси ҳисоб-рақамига тўловни амалга оширади.

Хулоса қилиб айтганда, давлат тиббий суғуртаси тизими орқали аҳолининг барча қатламлари тиббий хизматлар билан қамраб олинади. Тиббий суғурта шундай имкониятки, унда нафақат сифатли тиббий хизмат кўрсатилади, балки тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базаси яхшиланишига, беморлар учун қулай шароитлар яратилишига, кадрлар таъминоти яхшиланишига, тиббиётни рақамлаштириш масалаларига жиддий эътибор қаратилади.  

 

 

 

 

Давлат тиббий суғуртаси жамғармасининг

Жиззах вилоят бош мутахассиси                                                                                    И.Норбоев

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Foydali havolalar