Telefonlar:
(0372) 392-12-12
(0372) 392-14-92
» » Соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

02 май 2023 йил
125
0

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Соғлиқни сақлаш тизимига илғор рақамли технологияларни татбиқ этиш, рақамли соғлиқни сақлаш платформасини яратиш, соҳанинг барча даражаларидаги даволаш профилактика муассасалари учун маълумотлар базаси комплексини жорий этиш, дастурий таъминот ва электрон платформани ишлаб чиқиш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси ва “KfW” банки ўртасида “Рақамли соғлиқни сақлаш ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш” лойиҳасини (кейинги ўринларда – лойиҳа) молиялаштириш учун 5 йиллик имтиёзли давр билан 12 йил муддатга 45 миллион евро миқдорида қарз битими ҳамда 5,5 миллион евро миқдорида грант битими имзоланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Қуйидагилар:

“Рақамли соғлиқни сақлаш ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш” лойиҳасининг техник-иқтисодий кўрсаткичлари 1-иловага мувофиқ;

“Рақамли соғлиқни сақлаш ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш” лойиҳасини амалга ошириш доирасида “KfW” банкининг қарз маблағларини қайтариш, шу жумладан, қўшимча ҳақ ва фоизлар тўлашнинг прогноз жадвали 2-иловага мувофиқ;

“Рақамли соғлиқни сақлаш ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш” лойиҳасини амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” 3-иловага мувофиқ;

2023–2025 йилларда соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш бўйича чора-тадбирлар режаси 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Белгилансинки:

а) Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

лойиҳани ўз вақтида амалга ошириш ҳамда мувофиқлаштириш, шунингдек, “KfW” банкининг қарз ҳамда грант маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш бўйича масъул ижро этувчи орган;

лойиҳани амалга ошириш доирасида тендер комиссиясининг ишчи органи ва тузилган шартномалар бўйича контрагент ҳисобланади;

б) “KfW” банкининг қарз маблағларини қайтариш, шу жумладан, қўшимча ҳақ ва фоизлар, бошқа тўловлар билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади;

в) лойиҳани амалга ошириш доирасида харид қилинадиган ва олиб кириладиган товарлар (хизматлар) учун тўланиши лозим бўлган қўшилган қиймат солиғи Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўланади. Бунда, солиқ ва божхона имтиёзлари қўлланиши ёки бюджет маблағлари ҳисобидан тўлаб берилиши натижасида иқтисод қилинган маблағлар Ўзбекистон Республикасининг лойиҳани амалга оширишга қўшган улуши сифатида ҳисобга олинади.

4. Лойиҳани ўз вақтида ва самарали амалга ошириш учун Рақамли соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш лойиҳа офиси ташкил этилсин ҳамда ушбу лойиҳа офиси фаолияти лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларида белгиланган тартибда жалб қилинаётган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилиши таъминлансин.

Бунда, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Рақамли соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш лойиҳа офисининг фаолиятини мувофиқлаштириб борсин.

5. Адлия вазирлиги бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси ҳамда “KfW” банки ўртасида имзоланган қарз ва грант битимлари бўйича юридик хулоса берсин.

6. Белгилаб қўйилсинки:

лойиҳа доирасида жорий этилаётган ахборот тизимларидан фойдаланиш бўйича лицензиялар учун тўловлар уларни жорий этиш харажатлари таркибига киритилади ҳамда мазкур лицензиялар ахборот тизими амалиётга тўлиқ жорий этилгандан сўнг камида 5 йил мобайнида амал қилади;

лойиҳани амалга ошириш жараёнида иқтисод қилинган маблағлар устувор равишда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини рақамлаштириш ҳамда компьютер техникаси воситаларини харид қилишга йўналтирилади;

лойиҳа доирасида ишлаб чиқиладиган ахборот тизимларини амалиётга татбиқ этиш учун қабул қилиб олиш Рақамли технологиялар вазирлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилади;

давлат тиббиёт ташкилотлари учун зарур ахборот дастурлари ва тизимларини ишлаб чиқиш, ўрнатиш ҳамда техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ харажатлар Давлат бюджетидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига ажратилган маблағлар ҳисобидан қоплаб берилади.

7. Соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳи 5-иловага мувофиқ таркибда тузилсин.

Ишчи гуруҳи (А. Иноятов)га қуйидаги вазифалар юклатилсин:

соғлиқни сақлаш тизими ва ташкилотларидаги жараёнларни рақамлаштириш, шунингдек, уларнинг бошқа давлат органлари ахборот тизимлари билан интеграциясини таъминлаш;

2023–2025 йилларда соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш ҳамда лойиҳани амалга ошириш бўйича “йўл хариталари”да белгиланган топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини ташкил этиш;

лойиҳанинг асосий техник-иқтисодий кўрсаткичларида белгиланган мақсадларга эришилишини назорат қилиш;

мазкур қарорда белгиланган топшириқларнинг самарали ва ўз вақтида ижро этилишини таъминлаш ҳамда амалга оширилаётган ишлар натижаси бўйича Вазирлар Маҳкамасига ҳар чоракда маълумот киритиб бориш.

8. Рақамли технологиялар вазирлиги лойиҳа доирасида жорий этиладиган ахборот тизимлари натижадорлигининг баҳолаб борилишини ҳамда бизнес жараёнларини амалга оширишнинг замонавий усуллари жорий этилишини таъминласин.

9. Ҳисоб палатаси лойиҳа доирасида жалб этиладиган ҳамда ажратиладиган маблағлардан самарали фойдаланилиши, шунингдек, лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларида кўзда тутилган кўрсаткичларга эришилиши юзасидан доимий назорат ўрнатсин.

10. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб соғлиқни сақлаш вазири А.Ш. Иноятов ва рақамли технологиялар вазири Ш.Х. Шерматов белгилансин.

Қарор ижросини назорат қилиш ва ижро учун масъул ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ

скачать dle 12.0
Муҳокамага қўшилинг
Фикр билдириш
Изоҳлар (0)
Фикр билдириш
Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив
Foydali havolalar