Республика Агробанк бошқарув раиси ўринбосари Зоминда ҳоким ёрдамчилари фаолияти билан танишди
Бугун Республика Агробанк бошқарув раиси ўринбосари Жахонгир Хайдаров Зомин туманида бўлиб, бир нечта маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари фаолияти билан танишди.
Бошқарув раиси ўринбосарини туман ҳокимининг биринчи ўринбосари З.Омонқулов кутиб олиб, Зомин туманида ҳоким ёрдамчилари томонидан маҳаллаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш борасида амалга оширилган ишлар бўйича умумий маълумот бериб ўтди.
Шундан сўнг, меҳмон Пешоғар маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган гулчилик кооперацияси фаолияти билан таништирилди.
Пешоғар маҳалласида драйвер соҳа сифатида деҳқончилик ва чорвачилик етакчилик қилади. Ҳудуд тадбиркорликнинг бошқа йўналишларида ҳам илғор бўлиши мумкинлиги ҳисобга олиниб туман ҳокимининг ташаббуси ва Гулчилик уюшмаси билан ҳамкорликда маҳаллада Гул етиштириш бўйича ўқув маркази очилди. Ушбу марказда 20 нафар хотин-қизлар гул парваришлаш бўйича Туркия давлатидан олиб келинган мутахассис бошчилигидаги махсус курсларни тамомлаб, амалий натижалар учун кооперацияси фаолияти йўлга қўйилди.
Туман масъуллари томонидан Бошқарув раиси ўринбосарига ўқув курси, кооперация фаолияти, парваришланаётган гуллар, натижалар намойиш этилди.
Шундан сўнг, масъуллар маҳалла ҳудудида, Агробанк маблағи ҳисобидан Олтиариқ тажрибаси асосида ташкил этилаётган узумчилик кооперациясида бўлишди.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, Пешоғар МФЙ ҳудудида ташкил этилаётган 25 гектарлик ушбу узумчилик боғи, тўлиқ Агробанк маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиб, экиш ишлари якунлангандан сўнг, ҳудуддаги ишсиз фуқароларга кредит асосида берилиши режалаштирилган.
Ташриф давомида, раис ўринбосари Мустақиллик МФЙда ҳам бўлиб, ҳоким ёрдамчиси кўмагида ташкил этилган бройлер товуқчилик фабрикаси фаолияти билан ҳам яқиндан танишди.