Зомин тумани ҳокими А.Абдуғаниевнинг 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам табриги
Ассалому алайкум, муҳтарама онахонлар!
Ҳурматли опа-сингиллар!
Мунис ва лобар қизлар!
Азиз ва муҳтарам аёлларимиз, онахонларимиз, опа-сингилларимиз барчангизни Баҳорнинг илк байрами, 8-март – Халқаро хотин-қизлар куни билан чин қалбдан муборакбод этаман.
Инсон ҳаёти ва жамият ривожида муқаддас Она зоти, мунис аёлларимизнинг беқиёс ўрнини оддий сўзлар билан ифода этиш ниҳоятда қийин вазифа.
Бугун Сизлар – олима, намунали раҳбар, фидойи шифокор, меҳрибон устоз, ташаббускор тадбиркор, қўли гул ҳунарманд сифатида жамиятимизнинг барча соҳаларида фидокорона меҳнатингиз ҳисобидан мамлакатимизнинг қудрати ва салоҳиятида, халқаро обрў-эътибори тобора ортиб боришида ўрнингиз беқиёс.
Азиз аёллар!
Ватанимиз тараққиёти, оила ва жамият ҳаётида хотин-қизларимизнинг ўрин ва роли кундан-кунга ошиб бормоқда. 170 мингдан ортиқ аҳолига эга Зомин туманининг 84 минг 668 нафарини ташкил этадиган аёллар ижтимоий-маънавий, сиёсий-иқтисодий ҳаётнинг барча жабҳаларида меҳнат қилиб келишмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, жамиятдаги ўрни ва мавқеини янада ошириш давлатимиз сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири эканлиги, Айниқса, опа-сингилларимиз бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Туман ҳокими сифатида шуни айта оламанки, ҳукуматимиз томонидан жамиятимиздаги аёлларга бўлган этибор, қабул қилинаётган қарорлар опа-сингилларимизни қийнаётган муаммоларни “хонадонбай” ўрганиш, ижобий ҳал этишда кенг имкониятлар эшигини очиб беради.
Айниқса, давлатимиз раҳбарининг: “Бир қизни маълумотли қилсак, ўқитсак бир оилани ўқитган бўламиз” деган сўзларини эшитиб, қизларимиз, уларнинг камоли ва келажак тақдирига бўлган эътиборни янада чуқурроқ ҳис этдим.
Қадрли меҳмонлар!
Бугунги кунда Зомин туманида 25 минг 888 нафар ишга лаёқатли аёлларнинг 1 минг 425 нафар халқ таълими, 820 нафари тиббиёт, 480 нафари тадбиркорлик соҳасида фаолият кўрсатиб келмоқда. 2022 йилда мунтазам спорт билан шуғулланувчи хотин-қизларимиз сони 30 фоиздан 35 фоизга ошди.
Юқоридаги рақамлардан кўриниб турибдики, спорт соҳасида ҳам қизларимиз фаоллиги янада ошган ва ўзига хос ижобий натижалар кўрсатишмоқда. Жумладан, Босимова Машхура Пара таэквандо бўйича Ўзбекистон чемпионатида, Ойгул Холиқова Каратэ бўйича Осиё чемпионатида фахрли ўринларни қўлга киритди.
Туманимизнинг яна бир истеъдодли ўқувчи қизларидан Нозима Абдуғаффорова яқиндагина ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини кенг оммалаштириш мақсадида ташкил этилган “Ёш китобхон” кўрик танловининг 15-19 ёш тоифаси бўйича вилоят босқичида 1-ўринни қўлга киритиб, Республика босқичида ҳам муносиб иштирок этди. Фурсатдан фойдаланиб, туман ҳокимлиги, туман фаоллари ва шахсан ўзим номимдан мукофот ва ютуқларга эришган, китобсеварлиги билан тенгдошлари орасида тенгсиз деб эътироф этилган ёшларимизни табриклаб, уларни тарбиялаган, вояга етказган ота-онаси ва устозларига ўз миннатдорчилигимни билдириб қоламан. Шу ўринда, Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан ижтимоий-ҳимояга муҳтож аёлларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган “Аёллар дафтари” бўйича ишлар туманда алоҳида тартибда йўлга қўйилганлигини айтиб ўтмоқчиман. Биз, туман мутасаддилари ушбу дафтарга киритилган хотин-қизларимизнинг ҳар бири билан юзма-юз учрашган ҳолда муаммоларини бартараф этмоқдамиз.
Хусусан, 2022 йилда 29 минг 875 нафар хотин-қизлар билан мулоқотлар ўтказилган ва унинг якунлари бўйича 2686 нафар хотин-қизлар “Аёллар дафтари”га киритилган. Бугунги кунга қадар 155 нафар хотин-қизларимизга ўз тадбиркорликларини ривожлантиришлари учун 1 млрд 200 млн. миқдорида банк кредитлари ажратилди, 603 нафар ишсиз хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди, 285 нафар ишсиз хотин-қизлар касб-ҳунарга ўқитилди, 144 нафар ишсиз хотин-қизларга томорқасидан даромад манбаи сифатида фойдаланиш учун кўмаклашилди, 624 нафар боқувчисини йўқотган ҳамда ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган болалари мавжуд ёлғиз хотин-қизларга моддий ёрдамлар берилди. Бу албатта, аёлларимизнинг яшаш шароитларини яхшилаш, ҳаётда ўз муносиб ўринларини топишлари йўлида мавжуд муаммоларни йўқотиш борасидаги арзимас кўрсатгичлар ҳисобланади. Шу сабали, биз 2023 йилда ҳам хотин-қизлар масласига алоҳида ёндошган ҳолда, олдимизга улкан мақсадларни қўйганмиз.
Жумладан, жорий йил якунига қадар “Аёллар дафтари”га киритиладиган 4700 нафар хотин-қизлар билан манзилли ишлаш ва шу асосда хотин-қизнинг бандлиги таъминлаш, тадбиркорлигини ривожлантириш мақсадида маблағ ажратиш, эҳтиёжманд хотин-қизларга моддий ёрдам ажратиш, шунингдек уларнинг томорқасидан даромад манбаи сифатида фойдаланиш учун кўмаклашиш ва уй-жойини таъмирлаш, турар-жой ижара компенсациясини тўлаб бериш, “Аёллар дафтари”га киритиладиган барча хотин-қизларга тиббий, ҳуқуқий ва психологик ёрдам кўрсатиш, Кооперация усулидаги тадбиркорликни йўлга қўйиш орқали хотин-қизлар бандлигини таъминлашни мақсад қилганмиз.
Ҳурматли онахонлар, опа-сингиллар, лобар қизлар!
Сўзимнинг сўнгида барчангизни Халқаро хотин-қизлар байрами билан яна бир бор чин қалбимдан табриклайман. Менинг тилагим ва ниятим битта – оилангиз, фарзандларингиз, эл-юртимиз бахтига ҳамиша соғ-омон бўлинг! Чунки аёлларимизнинг бахти – халқимиз, жамиятимизнинг бахтидир.
Барчангизга оилавий хотиржамлик, хонадонларингизга тинчлик, файзу барака тилайман. Доимо халқимиз, Ватанимизнинг юксак меҳри ва ардоғида бўлиш ҳаммангизга насиб этсин! Ҳамиша соғ-омон бўлинг, азиз аёллар!
Эътиборингиз учун раҳмат!