Зомин тумани ҳокими Абдуғаниев Алишер Муҳаммадиевичнинг 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан байрам табриги
Муҳтарам устозлар! Қадрли муаллимлар!
Аввало, барчангизни мамлакатимиз ҳаётидаги қутлуғ сана 1 октябрь - “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” билан самимий муборакбод этаман.
Дунёда шундай касб эгалари борки, уларсиз ҳаётимизни тасаввур қилиш қийин. Ўқитувчилар эса ҳаётимиз чароғбонларидир. Ким бўлмайлик, қайси соҳада ишламайлик барчамизга муаллимлар таълим ва тарбия беришган.
Биз мактабгача таълим ва мактаб таълими, олий ва профессионал таълим тизими ҳамда илмий-маданий муассасаларини бўлғуси Ренессанснинг тўрт узвий халқаси, деб биламиз. Боғча тарбиячиси, мактаб муаллими, профессионал ўқитувчилар ва илмий-ижодий зиёлиларимизни эса янги уйғониш даврининг тўрт таянч устуни деб ҳисоблаймиз.
Азиз ўқитувчилар!
Сизларни ҳар қанча эъзозласак, ҳурмат кўрсатсак шунча оз. Ҳаёт давом этар экан, ўқитувчилик касби ўзининг маъно-мазмуни ва олижаноблигини, аҳамияти ва ҳурматини, қадру қимматини ҳеч қачон йўқотмайди.
Ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев айтганларидек, “Сизларнинг ёшларимиз қалби ва онгига она Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини сингдириш, уларни турли таҳдидлардан асраш, комил инсон этиб вояга етказиш йўлидаги беқиёс хизматларингизни барча ота-оналар, жамоатчилигимиз бутун халқимиз яхши билади ва юксак қадрлайди”.
Дарҳақиқат, миллатимиз, аждодларимиз кўҳна мозийда ҳам фақат илм излаган. Ибн Сино, Беруний, ал-Фарғоний, Мирзо Улуғбек, Жалолиддин Румий, Имом Бухорий, Имом ат-Термизий каби аждодларимиз биринчи ва иккинчи уйғониш даврларининг тамал тошини қўйишган ва буни бутун дунё тан олгани билан ҳақли равишда фахрланамиз.
Яхши биласизки, Туркистонда Учинчи Ренессансга йигирманчи аср маърифатпарвар боболаримиз Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар қори Абдурашидхонов, Убайдулла Хўжаев, Абдурауф Фитрат, Ибрат домла, Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Қодирий ва бошқа улуғ инсонлар тамал тошини қўйиб, миллий уйғониш сари кенг йўл очганлар.
Мана шу эзгу ишлар бугун қайта кўз очди – мамлакатимизда илм-фан ва таълим-тарбия соҳаси давлат сиёсатининг устувор тамойили сифатида қабул қилиниб, фарзанд туғилганидан то камолот ёшига етгунга қадар уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган, ҳаётда муносиб ўрин топишига хизмат қиладиган яхлит ва узлуксиз тизим яратилмоқда.
Бу жараёнда инсон капиталига эътиборни янада кучайтириш, бунинг учун барча имкониятларни сафарбар этиш борасида муҳим дастур ва лойиҳалар амалга оширилмоқда. Масалан, беш йил олдин туманимизда 16 та боғча фаолият кўрсатган бўлиб, 3-7 ёшли болаларнинг мактабгача таълим ташкилотларига қамрови 11 фоизни ташкил қилган. Ҳозирда бу рақам 22 тага, тизимдаги қамров 70 фоизга етказилди.
Таълим-тарбияни юқори даражага кўтариш, дарс самарадорлигини оширишда мактаблар жамоасига яратилаётган шарт-шароитларга ҳам кўп омиллар боғлиқ эканлигини таъкидлашни хоҳлардим.
Ҳурматли юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев халқ таълими соҳасига алоҳида аҳамият бераётгани барча соҳа раҳбарлари эътиборини айнан мактабга қаратишга даъват этмоқда. Туманимизда эски мактабларни янгилаш, моддий-техник ва интеллектуал базасини мустаҳкамлаш, ўқитувчиларга ғамхўрлик кўрсатишга қаратилган кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Сизларга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида халқ таълими тизимини ислоҳ қилиш бўйича тузилган Миллий Кенгаш томонидан 2022-2026 йилларда халқ таълимини ривожлантириш бўйича миллий дастур ишлаб чиқилиб, Президент Фармони билан тасдиқланди.
Мазкур дастурга мувофиқ, мактаб ўқувчиларининг билими ва кўникмаларини шакллантириш, уларни миллий ҳамда умуминсоний қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш, ўқитувчи касби нуфузини ва педагогларнинг сифат таркибини ошириш, дарсликлар ва ўқув методик мажмуаларни замон талаблари асосида такомиллаштириш, халқ таълими муассасаларининг халқаро стандартларга жавоб берадиган замонавий моделларини барпо этиш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
2022 йилда Инвестиция, “Обод маҳалла” ва “Обод қишлоқ” дастурларига асосан 11 та объектда умумий қиймати 43 млрд. 411 млн. сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш режалаштирилган эди. Шундан, 2 та янги мактаб қурилиши, 9 та мактабда реконструкция ишлари амалга оширилди, 1 та мактаб мукаммал таъмирланди.
Таълим соҳасини ислоҳ қилиш ҳақида гап кетар экан, давлатимиз раҳбарининг узоқни кўзлаб амалга оширилаётган сиёсати натижасида мамлакатимизда шунчаки ихтисослаштирилган мактаблар эмас, балки барча фанларни мукаммал ўқитадиган мактаблар яратиш зарурияти кун тартибига қўйилмоқда.
Бугунги кунда туманимизда янги сифат босқичидаги таълим маскани бўлган Президент таълим муассасалари агентлиги тасарруфидаги ихтисослаштирилган-интернат мактаби фаолияти йўлга қўйилди.
Энг чекка қишлоқларда ҳам маҳобатли мактаблар барпо этиш мумкин. Аммо ўша мактабда билимли, зиёли ва юқори малакали ўқитувчи ишламас экан, у мактабнинг улуғворлиги йўқолади. Бугун биз аввало фарзандларимизга мукаммал таълим бера оладиган фидойи муаллимларни тайёрлашимиз лозим.
Шу маънода, бугун туманимиз халқ таълими тизимида 32 минг нафардан ортиқ педагоглар фаолият олиб бораётган бўлса, уларнинг 186 нафари олий, 510 нафари биринчи, 762 нафари иккинчи малака тоифасига эга. Бундан ташқари, чет тили фани ўқитувчилари ўртасида миллий ва халқаро сертификатли педагоглар улуши жорий йилда 6,8 фоиздан 8,3 фоизга етказилди, ўрта-махсус маълумотли педагоглар сони 3,4 фоиздан 0,5 фоизга туширилди.
Қадрли меҳмонлар!
Халқимиз тилидаги “Қозонда бори чўмичга чиқади” деган соддагина нақл бежизга айтилмаган. Мактабда таълим-тарбия олган ёшларимиз катта ҳаётга қандай қадам ташлайди, улар ўз йўлларини топиб олишадими – йўқми, деган саволлар барча даражадаги масъулларни қийнаши керак.
Шу маънода, умумтаълим мактаби битирувчиларини олий таълимга қамраб олиш кўрсаткичи сизу-бизнинг йил давомида амалга оширган ишларимизнинг маълум бир маънодаги натижаси дейишимиз мумкин. Жорий йилда умумтаълим мактабларининг 2 минг 83 нафар битирувчисидан 553 нафари ёки 26,5 фоизи олий таълим муассасаларига қабул қилинди. Мамлакатимизда фаолият олиб бораётган кўплаб нодавлат олий таълим муассасалари ва хорижий давлат ўқув юртлари ҳисобига ушбу кўрсатичнинг ўсиши ҳар куни давом этмоқда.
Галдаги вазифамиз эса, олий таълим муассасаларига ўқишга кира олмаган ёшларни таълимнинг бошқа турларига жалб этиш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятларини қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарга ўқитиш ишларини кечиктирмасдан ташкил этишдир.
Азиз устоз ва мураббийлар!
Шундай қувончли кунда таъкидлаш жоизки, ўзининг ҳалол меҳнати, фидойилиги ҳамда жонкуярлиги билан жорий йилда бир қанча устоз ўқитувчиларимиз нуфузли мукофотларни қўлга киритишди.
Жумладан, юртимизда яшаётган миллат ва элатлар ўртасида дўстлик ва тотувлик муҳитининг мустаҳкамланишига қўшган ҳиссаси учун 8-сонли умумтаълим мактабининг “Қирғиз тили ва адабиёти” фани ўқитувчиси Дўстов Норқул Худайбердиевич “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони билан, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларга, катталарга ва ёш авлод вакилларига ҳурмат, она-Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш ишларига қўшган ҳиссаси учун 60-сонли умумтаълим мактаби “Инглиз тили” фани ўқитувчиси Пак Ларина Михайловна ҳамда 1-сонли умумтаълим мактабининг “Рус тили” фани ўқитувчиси Рахматуллаева Ханифа Рахматуллаевна “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Албатта, ушбу устозларнинг меҳнати давлатимиз томонидан эътироф этилиши ва тақдирланганлиги бизга чексиз фахру – ифтихор бағишлайди.
Қадрли Устозлар!
Сиз борсизки, истиқбол йўлимиз нурафшон, эртанги кунимиз эгалари бўлмиш фарзандларимиздан кўнглимиз тўқ.
Ўзбекистон фарзандлари чеҳрасидаги нур – бу тинчликнинг нури. Озод диёримиздаги ана шу осуда, фаровон ҳаётимизга кўз тегмасин.
Сизларни 1 октябрь - “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман. Доимо соғ-омон бўлинг, азиз устозлар.